Light | 19:34 / 11.09.2017
13736
5 дақиқада ўқилади

Муваффақиятли IT-бизнесни йўлга қўйишнинг 8 тамойили

Фото: lifehacker

Ҳиндистонлик ишбилармон Бхавин Туракхия IT соҳасида муваффақиятли лойиҳа яратишга доир қоидалари билан бўлишди. "Лайфхакер" ишбилармонга барча IT-лойиҳаларни яратиш ва муваффақиятга эришишда ёрдам берувчи 8 тамойил ҳақидаги маълумотни тақдим этди.

Бхавин Туракхия - серияли технологик ишбилармон, Flock компанияси асосчиси ва бош директори. 19 йилдан бери мазкур соҳада фаолият юритади, бугунга қадар 11 компанияга асос солган.

1. Қийматни эмас, қадрни оширувчи бизнесни йўлга қўйишга диққатни қаратиш

Менинг ҳар бир лойиҳам аввал бошданоқ шунчаки пул ишлаш учун эмас, охир-оқибат дунёни яхши томонга ўзгартиришга йўналтирилган. IT-ишбилармон томонидан яратилаётган маҳсулот биринчи навбатда компания нархини ошириш эмас, мижозларнинг турмуш сифатини яхшилаш учун хизмат қилиши керак.

Бозор нархи инсонларнинг ҳаётини яхшиловчи муваффақиятли маҳсулотнинг акс натижасидир.

2. Фақат энг яхши ходимларни ишга ёллаш

Ҳар қандай бизнеснинг энг қадрли активи — одамлар. Шунчаки ишга ёллаш ва бўш иш ўринларини тўлдириш муваффақият келтирмайди.

Мен ўз лойиҳаларимга доим энг юқори стандартларга жавоб берадиган ходимларни излашга ҳаракат қиламан, уларни соҳа бозоридан топиб, ишга жалб қиламан. Шу билан бирга ходимларни ўқитиш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга ҳам маблағ ажратиш лозим. Бунда ходимлар малака ошириб, ўз билимларини бойитиш имконига эга бўлишади.

Биз икки марта IT-бизнесдан йирик пул билан чиққанмиз: 2014 йилда - 160 миллион доллар билан, 2016 йилда - 900 миллион доллар билан. Бу лойиҳалар дастлаб ҳеч қандай ташқи инвестициясиз йўлга қўйилган. Муваффақиятнинг бори у ерда ишлаган ходимларга асосланган.

3. Асосчининг устунлиги муваффақиятни кафолатламаслигини ёдда тутиш

Бирор соҳада из қолдириш учун унинг асосчиси бўлиш шарт эмас. Бир неча йил давомида барқарор фаолият юритган секторга сармоя киритиш ва инновацион қарор таклиф қилиш мумкин. Бундай даврийлик айниқса инновация ва стагнация ўртасида иккиланаётган технологик секторга хос.

Муваффақиятга эришиш учун мутлақо янги ғоя керак эмас, шунчаки аввалгисидан яхши бўлса бўлгани.

4. Ходимлар компания мақсади борасида тасаввурга эга бўлиши учун қайғуриш

Компаниянгиздаги ҳар бир инсон унинг мақсадларидан бохабар бўлиши керак. Бу ходимларни компания фаолиятида янада фаол бўлишга ва раҳбарият билан бирга масъулиятни ҳис қилишга ундайди. Шу билан бирга, қўл остингизда ишловчи ҳар бир инсон нима учун у ёки бу қарор қабул қилинаётгани ва уларнинг нималарга олиб келишини билиши керак.

5. Мослашувчанликни намоён этиш, дастлабки режадан четга чиқишга тайёр туриш

Ўзгаришлар — компания ҳаётининг ажралмас қисми. Ҳар бир ташкилотнинг ҳаётида парвоз ва таназзул даври бўлади. Жамоа самарадорликка эришиш йўлида фақат равон йўл бўйлаб ҳаракатланмайди. Агар ходимларга аллақачон йўлга қўйилган ривожланиш механизмига тузатиш киритишга имкон берилмаса, бизнес жабрланади.

6. Фидокорлик билан ишлаш ва билим алмашиш

Ҳаётимизнинг кўплаб жабҳаларида ҳар доим ҳам оптимал унумдорлик билан ишламаймиз. Мен барча лойиҳаларимда фидокорлик билан ишлашга ва мунтазам равишда ўзим ҳамда жамоамнинг самарадорлигини кўтаришга интилганман.

7. Салоҳиятингизга тўғри пропорционал таъсир кўрсатиш

Ҳар биримизда дунёни ўзгартириш учун имкон бор. Умуман олганда, ўз қизиқишларингизни умумий манфаатларга жалб қилишингиз мумкин. Бор диққатингизни шунга жамлаб, ўз салоҳиятингизга пропорционал таъсир ўтказишингиз мумкин.

8. Ишдаги тўсиқларни аниқлаш ва шунга мувофиқ равишда уларни четлаб ўтиш

Иш жойларидаги самарадорлик, жамоа ва коммуникацияга боғлиқ ишларни технологиялар ёрдамида ҳал қилиш мумкин.

Эҳтиёж аниқлангандан сўнг уни қониқтирувчи жиҳозлар ва дастурларни излаб топинг. Бу борада ё тайёр қарорлардан фойдаланиш, ёки эҳтиёжлардан келиб чиқиб созланувчи иловаларни танлаш.

Мен барча ходимларимга ҳақиқатан инновацион лойиҳаларга вақт ажратиш учун давомли операцияларни автоматлаштирувчи қурилмалар ва иловалардан фойдаланишни тавсия қиламан.

Мавзуга оид