Фан-техника | 21:10 / 19.09.2017
9660
2 дақиқада ўқилади

Хитойда зарба берувчи дрон-вертолёт яратилди

2018 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган зарба берувчи дрон-вертолёт серияли ишлаб чиқарила бошланиши мумкин.

Тяньцзинь шаҳридаги China Helicopter Expo кўргазмаси давомида вертолёт кўринишида яратилган AV500W зарба берувчи дрони тақдим қилинди. Одатда зарба берувчи дронлар самолётлар кўринишида қурилади, бироқ хитойлик мутахассислар нима учун дронни вертолёт кўринишида яратишганига изоҳ беришди: бундай дрон ўзида кўп миқдорда қурол олиб юриши мумкин ҳамда учиши ва қўниши учун махсус тайёрланган аэродромларни талаб қилмайди.

Илк зарба берувчи вертолёт бошқарилувчи аналогларига нисбатан унча катта ўлчамларга эга эмас. Унинг узунлиги 7 метрни ташкил қилади, оғирлиги эса 400 кг. Бундай вертолётларни икки хил: разведка олиб борувчи ва жанговар кўринишда ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Фото: twitter.com/卫纳夜格@Raj‏

Разведкачи вертолёт камералар ва радарлар мажмуаси билан жиҳозланган, узоқ вақт ишлаши мумкин. Дрон бир қувватланишда соатига 160 км дан кўпроқ тезлик билан 8 соат ишлаши мумкин. Дроннинг жанговар версияси эса 4 соатгина учиши мумкин. Шу билан бирга у бортига 118 кг қурол олиши мумкин.

Дрон учун стандарт қуроллар "ҳаво-ер" туридаги 4 та ракета ҳисобланади. Ракеталар радар бўйича нишонга йўналтирилиши мумкин ва унинг таъсир қилиш доираси 5 км га яқинни ташкил қилади. Шунингдек, вертолёт пулемёт ва эркин тушувчи бомбалар билан қуролланиши мумкин.    

Фото: twitter.com/卫纳夜格@Raj‏

Бундай дрон разведка ёки чегарадаги операциялар вақтида самарали бўлиши кўзда тутилган. Бундай дрон максимал паст баландликкача тушиб, исталган шубҳали жойни синчковлик билан кўздан кечириши мумкин. Хитойлик мутахассисларнинг фикрича, дрон жиддий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига эга бўлмаган рақиб техникасига қарши ҳам самарали бўлади.

Мавзуга оид