Жаҳон | 09:26 / 19.09.2017
8149
2 дақиқада ўқилади

Исроилда янги ҳайдовчисиз RAMBOW танки тақдим қилинди

18 сентябрда Исроилнинг Meteor Aerospace компанияси Тель-Авив яқинидаги Ришон ле-Цион шаҳрида ўтказилган бошқарувчисиз қурилмалар авиашоуси ва кўргазмасида ҳайдовчисиз енгил танк – роботлаштирилган RAMBOW мажмуасини тақдим қилди. Қурилма кенг спектрдаги вазифалар, жумладан қуруқликдаги жанговар ҳаракатлар ва ўт очиш билан қўллаб-қувватлаш, разведка маълумотларини тўплаш ва тирик кучни хавфга қўймаган ҳолда чегарани ҳимоялашни бажаришга мосланган. 

Таъкидланишича, RAMBOW ноёб электр двигатель тизими билан жиҳозланган. Унда ўрнатилган тизимлар станциядан туриб масофадан бошқарилади. Мажмуада оғир пулемёт ёки вазифанинг турига қараб бошқа бошқарилувчи тизим ёки қурилмаларни ўрнатиш мумкин. Танк оғирлиги 4 тоннани ташкил қилади ва ўз бортига бир тоннагача фойдали юкни олиши мумкин. Машина операторга борт камералари ва 3,5 метрга кўтариладиган телескопик мачтада ўрнатилган узоқ масофаларга мўлжалланган оптик қурилма ёрдамида реал вақтда ўз атрофида юз бераётган ҳодисалар видеосини узата олади.

Фото: ТАСС 

Роботнинг узунлиги 3,7 метрни, эни 2,2 метрни ташкил қилади. У белгиланган йўналиш бўйича йўлидаги тўсиқларни аниқлаб ва уларни четлаб ўтган ҳолда мустақил ҳаракатлана олади. Олти ғилдиракли танкнинг максимал тезлиги соатига 50 км ни ташкил қилади. У батареяси эвазига 50 км йўл боса олади ва шундан кейин ҳаракат вақтида аккумуляторларни қувватлай оладиган дизель генератори ишлаб чиқарадиган энергия ҳисобига яна 160 км йўл юриши мумкин. 

Исроил армияси бу машинанинг бир нечтасидан чегараларни ҳимоя қилишда ва логистик вазифаларни, жумладан ҳарбий қисмларга ўқ-дори ва керакли анжомларни етказишда фойдаланмоқда. 

Исроил айни кунда бошқарувчисиз ва роботлаштирилган қурилмаларни яратиш бўйича дунё етакчиларидан бири ҳисобланади. Кўргазмада шунингдек Super Heron дрони, бир моторли Black Eagle 50 учувчисиз вертолёти ҳамда AMSTAF роботлаштирилган мажмуаси намойиш қилинган.

Мавзуга оид