Англия Премьер Лигаси 5-туридан кейин Манчестернинг икки жамоаси тенг очко ва тенг тўплар нисбати билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Аслида, аввалги икки йилда «шаҳарликлар» жамоаси илк 5 турни юз фоизлик натижа билан ўтказган бўлишса-да, кейин кучли учликка зўрға илинганди. Яъни, келажакка қараб, чемпионлик учун кураш айнан шу икки клуб ўртасида кечишини айтишга ҳали эртадек. Аммо бу жамоаларнинг тенг очко тўплашлари доим драматик воқеаларга сабаб бўлишини эсласак, нимадир бизни кутиб тургандек бўлаверади. 

Масалан, 2011/12 йилги мавсумни ҳар икки жамоа 89 очкодан тўплаб якунлаган. Фақат тўплар нисбати «Манчестер Сити»га узоқ танаффусдан сўнг, чемпионликни нишонлашга замин яратган. 2015/16 йилги мавсумда ҳам Манчестер клублари тенг очко тўплашди – энди тўплар нисбати «Манчестер Сити»га Европа Чемпионлар Лигасида тўп суриш ҳуқуқини берди. «Юнайтед» эса, ўша нисбат туфайли, Англия кубогини ютганига қарамасдан, Луи ван Гаални истеъфога чиқариб юборди. 

Ҳозир эса, ҳатто тўплар нисбати бўйича ҳам жамоалар тенг боришмоқда. Бу қачонгача давом этади? Яқин турларда ёки якунда қайси жамоа ўз устунлигини рақамларда ҳам акс эттира олади? Аслида қайси жамоа кучли?

Бу саволларга таҳририятимизда икки хил жавоб берилди. Марҳамат. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ: «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» КУЧЛИ, ЧУНКИ:

БИРИНЧИДАН, мураббий омили.

Фото: «Манчестер Юнайтед»

Жуда эскириб кетган фикр бўлса ҳам, айтиш жоиз, Жозе Моуриньонинг иккинчи мавсумлари доим жуда кучли бўлади. «Челси», «Реал», «Интер»даги фаолияти давомида мураббий айнан шу даврда жамоасини чўққига олиб чиқа олган. Гап фақат тасодифларда эмас, Жозе қисқа муддат ичида рақобатбардош жамоа қуришга, таркибда муаммоларни аниқ ҳис қилган ҳолда трансферларни амалга оширишга жуда уста. 

Моуриньо ўтган йили амалга оширган 4 трансфернинг барчаси жамоа етакчи футболчиларига айланишди. Бу йил таркибга қўшилган Лукаку 7 ўйинда 7 гол уришга муваффақ бўлди, Матич эса, майдон маркази эгасига айланиб бўлди. Умуман олганда, Жозе Моуриньо уч марта Англия чемпионатини ютган, яна икки мавсумда чемпионлик учун курашганини эътиборга олсак, айнан инглиз футболини ҳис қилиш бўйича португалиялик мураббий устунроқ.