Жаҳон | 19:40 / 22.09.2017
62240
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг Трампга берган таърифи америкаликларни луғат титишга мажбур қилди

Фото:KCNA / Reuters / Scanpix / LETA

19 сентябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ Бош ассамблеясида қатъий нутқ билан чиқди. У Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурларини тилга олиб, Ким Чен Инни ҳақорат қилди. "Ракета-одам ўзи ва халқини йўқ қилишга қарор қилди", - деди Америка президенти ва агар АҚШ истаса, КХДРни йўқ қилиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. 

Уч кундан кейин, 22 сентябрь куни КХДР етакчиси Ким Чен Ин Дональд Трампга жавоб қайтарди. Корея Марказий телеграф агентлиги орқали тақдим этилган баёнотда Ким Чен Ин президентни "ақлдан озган америкалик чол" ("mentally deranged U.S. dotard") деб атади. 

Шундан сўнг кўп америкаликлар dotard сўзининг маъносини излашга тушишди - бу сўз инглиз тилида жуда кам ҳолатларда ишлатилади. Ҳатто trump сўзи ҳам, Трамп президент бўлмасидан олдин ундан кўпроқ қўлланган.

Merriam-Webster луғати Ким Чен Иннинг баёнотидан кейин dotard сўзи бўйича сўровлар кескин кўпайганини таъкидлади. Associated Press агентлиги алоҳида материалда гап нимада эканига изоҳ берди. Корея етакчисининг сўзларини олиб, уни таржимон-иловага киритилса, у икки хил вариантни тақдим этади: нейтрал - "қария" ва янада қўпол - "ақлдан озган чол". 

Dotard сўзи КХДР баёнотларида охирги марта 2012 йилда қайд этилган - ўшанда Корея Марказий телеграф агентлиги бу сўзни Жанубий Корея президентига нисбатан қўллаган.

Мавзуга оид