Ўзбекистон | 19:27 / 22.09.2017
55172
2 дақиқада ўқилади

Telia Ўзбекистондаги пора иши бўйича қарийб 1 млрд. доллар тўлайди

Фото: Reuters

Швециянинг Telia Company AB (TeliaSonera) телекоммуникация компанияси АҚШ, Швеция ва Нидерландия ҳукумати томонидан коррупцияга оид қўзғатилган ишни ҳал қилиш учун 965 млн. доллар тўлаб беради. Бу ҳақда компания сайти хабар берди.

Жарималар Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги, қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия, шунингдек, тергов билан шуғулланган Швеция ҳамда Нидерландия прокуратурасига тўлаб берилади. 

Қимматбаҳо қоғозлари Нью-Йоркда савдо қилинувчи Telia компанияси поралар билан «Ўзбекистондаги сердаромад телекоммуникация бизнесини ёмонлаштирди», дея маълум қилди The Local порталига Нью-Йорк жанубий округининг амалдаги прокурори Жун Ким. Унинг сўзларига кўра, Telia ва унинг ўзбек бўлинмаси Coscom LLC Ўзбекистонда юқори мансабли давлат хизматчисига яқин қариндош бўлган ва телекоммуникация соҳасини тартибга солувчи идорага таъсир кўрсатган амалдорга 331 млн. доллар тўлаб беришганини тан олишган.

АҚШ ҳукумати порахўрлик бўйича ишни тергов қилиш доирасида Telia ва Coscom LLC’ни хорижий коррупция тўғрисидаги қонунни бузишда айблади.

2012 йилда швециялик журналистлар гуруҳи TeliaSonera Ўзбекистон бозорига чиқиш учун тахминан 300 млн. доллар тўлаганини аниқлади.  

2012 йилда Нидерландия, Швейцария ва Швеция, 2014 йилда эса АҚШ Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги эҳтимолий поралар бўйича тергов бошлади. АҚШда ҳисобланишича, Россиядан бўлган МТС ва VimpelСom компаниялари ҳамда TeliaSonera сохта фирмалар орқали бозорга кириш учун поралар беришган. 2016 йилнинг февралида VimpelCom раҳбарияти пора бериш ҳолатини тан олди ва Нидерландия ҳукумати ҳамда прокуратураси билан коррупция бўйича даъволарни ҳал қилиш ҳақида келишиб олди. Компания 795 млн. доллар товон пулларини тўлаб беришга ваъда қилган, улардан ярмини Нидерландия томони олди.

Мавзуга оид