Ўзбекистон | 20:00 / 25.09.2017
22012
5 дақиқада ўқилади

Болалар боғчалари — самарасиз институт. Мактабгача таълим тизими ислоҳга муҳтож

Журналист ва тилшунос Элдор Асанов фейсбукдаги саҳифасида мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифларини билдириб ўтди.

Қўлимда Тошкент аҳолиси ҳақидаги 2013 йил январига оид аниқ демографик маълумотлар мавжуд. Ўйлайманки, ундан кейин ўтган салкам 5 йиллик давр ичида жиддий демографик силжишлар рўй бермаган.

Демак, 2013 йил 1 январь ҳолатига кўра Тошкент шаҳри аҳолиси 2,340 миллион кишини ташкил этган. 2015 йилга келиб бу кўрсаткич 2,371 миллион кишига етди. Аҳолининг 63 фоизи ўзбеклар, 20 фоизи руслар, 4,5 фоизи татарлар, 2,2 фоизи корейслардан иборат.

Чилонзор тумани аҳолиси 2013 йили 228 минг кишини ташкил этган; бу туманда Қашқадарё, Самарқанд каби марказий ва ғарбий вилоятлардан ташриф буюрган вақтинчалик аҳоли ҳисобидан, биринчидан, аҳоли сони расмий статистикадагидан бир қадар кўпроқ, иккинчидан, этник ўзбеклар сони ҳам шаҳардаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан баландроқ.

Охирги бир-бир ярим ҳафта мобайнида вазият тақозоси билан Чилонзор туманидаги 20дан ортиқ хусусий ўқув марказларида бўлдим. Уларнинг жуда катта қисмида, абитуриентларни тайёрлаш курслари, тил курслари, қизлар учун ҳунар курсларидан ташқари, болаларга мактабгача таълим бериш курслари («почемучка») бор экан. Бундан ташқари, фақат мактабгача ёшдаги болаларга таълим беришга ихтисослашган хусусий мактаб ва ўқув марказларида бўлдим.

Ташрифларим натижасида қизиқ бир нарсага гувоҳ бўлдим: туман аҳолисининг тахминан 70–80 фоизи этник ўзбеклар бўлган ҳолда, кузатишларимга қараганда, мактабгача таълим марказларига қатновчи болаларнинг 80 фоизи этник рус, корейс, татар, шунингдек, русийзабон ўзбек оилалари вакилларидир. Яъни, мактабгача таълим масаласида тескари статистикани кузатамиз.

Умуман олганда, туманнинг айнан русийзабон аҳолиси 4–6 ёшдаги болаларини ўқитиб, мактабга алоҳида тайёрлашга мойиллигини кўрдим. Балки адашгандирман, лекин жорий кузатишларимдан шунақа тасаввур ҳосил бўлди. Этник тафовутларга ишонмаганим боис бунақа статистикадан ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Чуқур таҳлилга киришмаган ҳолда ҳозирча бу ўзбек оилаларининг хусусий ўқув марказларига ишонмаслиги ёки бўлмаса молиявий аҳволи билан тушунтирилса керак, деб ўйламоқдаман.

Ўзбек оилалари эса фарзандларини кўпроқ давлат MTMларига (мактабгача таълим муассасалари, яъни болалар боғчаларига) ишониб топширади. Расмий талабга мувофиқ, боғчада ҳам болаларга ўқиш-ёзиш, чизиш, математика асослари, шунингдек, рус ва инглиз тилидан нимадир ўргатилиши керак. Ўтган йили ўнга яқин боғчада бўлиб, уларнинг катта қисми, афсуски, амалда бу талабга жавоб бермаслигига гувоҳ бўлган эдим.

Нархларга келсак. Давлат боғчаларида бола ҳафтасига беш кун бўлади. Бунинг эвазига давлатга 110–120 минг сўм тўланади. Хусусий ўқув марказлари ҳафтасига икки кун, одатда шанба ва якшанба кунлари болаларни қабул қилади ва улар билан жами 3–6 соат шуғулланади. Бунинг эвазига қилинадиган тўлов — 120–200 минг сўм.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, моддий нуқтаи назардан давлат боғчалари аҳоли учун манфаатли, лекин ўз харажатларини кўтара олмайди, бу ходимларнинг моддий таъминотига, болаларнинг озиқ-овқати, ўйинчоқлари ва бошқа нарсаларнинг сифатига таъсир ўтказмай қолмайди. Фойда келтирмайдиган муассасада хизмат сифати ҳам тушиб кетаверади. Лекин аҳолининг катта қисми барибир фарзандларини боғчага ишониб топширади — биринчидан, ҳамма ҳам ҳафтасига 3–6 соат ўтказилган машғулот учун 200 минг сўм тўлашни хоҳламайди ёки моддий имконияти етмайди, иккинчидан, ҳамма оилада ҳам иш кунлари соат 9:00дан 18:00гача ёш болаларга қараб турадиган одам топилмайди.

Хуллас, болалар боғчалари — социализм даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган, аммо замона зайли билан давлат бюджети учун ортиқча, самарасиз институтга айланиб қолди. Уни жиддий тарзда ислоҳ қилиш ёки ҳеч бўлмаса соҳани бутунлай хусусийлаштириш, яна қанақадир бошқа ечимларни ўйлаш керак, назаримда. Ахир 4–6 ёшдаги болаларга бериладиган таълим ва тарбия мактабдаги таълим ва тарбиянинг аҳволига, у эса, ўз навбатида, вояга етган фуқаронинг келажак ҳаётига таъсир кўрсатади.

Мавзуга оид