Ўзбекистон | 21:35 / 26.09.2017
7815
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди

Фото:uzdaily.uz

26 сентябрда Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларининг "Ҳамкорликнинг янги горизонтлари" мавзусида II Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Россия делегациясига Россия савдо-саноат палатасининг вице-президенти Владимир Падалко бошчилик қилди. Делегация таркибига Россиянинг 18 та минтақаси ва 20 дан кўпроқ соҳасидан 40 та компания кирди. 

"Ҳозирда Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам ривожланишнинг иқтисодий моделини такомиллаштиришнинг бир йўналишидан кетмоқда. Бизнинг форум ишлаб чиқарувчиларнинг бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош қўшма ишлаб чиқаришларини яратишга интилишларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Молия, ишлаб чиқариш ва инсон ресурсларига таяниш керак", деб айтган Падалко ялпи мажлисда.  

Падалконинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш Россиянинг кўплаб минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга ижобий таъсир қилади.

Йиғилишда Ўзбекистон ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро савдо жорий йилда 5 млрд долларга етиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. 2016 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 4,2 млрд долларни ташкил қилган. 

Унинг айтишича, Ўзбекистон компаниялари Россияга автомобилсозлик, мева-сабзавот, тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари, қурилиш материалларини етказишни кенгайтиришга тайёр. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг асосий импорт қилинувчи маҳсулотлари нефть ва нефть маҳсулотлари, металлпрокат ва машинасозлик маҳсулотлари бўлиб қолмоқда.

Форум давомида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун тижорий манфаатларни ҳуқуқий ҳимоялаш институтларини илгари суриш зарурлиги айтиб ўтилди.

Форум доирасида Россия ва Ўзбекистон савдо-саноат палаталари халқаро тижорат арбитражи ва медиация соҳасида ҳамкорлик қилиш келишувини имзолашди.

Ҳужжат икки давлат ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Томонлар шунингдек Россия-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Россия ишбилармон кенгашлари ўртасида 2018-2019 йилларда ҳамкорлик меморандуми бандларини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолашди.

Форум дастури ўз ичига уч сессияни олди. Улар Ўзбекистон ва Россия ўртасида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳлик ҳамда транспорт ва логистикага бағишланди. Ҳар бир секция якунлари бўйича тақдимот, муҳокама ва тавсияларни ишлаб чиқиш бўлиб ўтди.

Мавзуга оид