Жамият | 23:20 / 02.10.2017
22250
3 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Грециялик бизнесменлар Ғофур Ғулом уйида меҳмон бўлишди

Фото: KUN.UZ

2017 йилнинг сентябрь ойи сўнгида Ўзбекистон ва Греция ўртасидаги маданий ҳамда дипломатик алоқаларни яхшилаш мақсадида биринчи ўзбек-грек ишчи форуми ташкил этилди. Шунингдек, форум доирасида анъанавий “Буюк Искандар йўлидан” халқаро экспедиция ташкил этилди. 

30 сентябрь куни эса Ғофур Ғулом уй музейида грециялик тадбиркорлар ва маданият арбоблари учун махсус кеча ташкил этилди. Тадбир давомида меҳмонларга таниқли ўзбек ёзувчиси Ғофур Ғуломнинг “Шум бола” асарини грек тилига ўгирилган таржимаси тақдим этилди. 

Тақдимот маросимидан сўнг хорижлик тадбиркорлар ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаси Ғофур Ғулом ҳаёти ва ижодини таништирувчи музейни томоша қилишди. Меҳмонларни Ғофур Ғуломнинг қизи Олмос Аҳмедова кутиб олди ва ёзувчи яшаб, ижод қилган уй билан яқиндан таништирди. 

Ғофур Ғулом уй-музейи Тошкент марказида жойлашган икки қаватли шинам хонадон бўлиб, у ўз ичига адабий экспозиция ва мемориал мажмуани олади. Адибнинг уйида унинг севимли китоблари, фойдаланган буюмлари, ҳаттоки, кўзойнаги ҳам сақланиб қолган. 

Асосий қисм – музейда эса Ғофур Ғуломнинг ҳаёти ва фаолиятига доир экспонатлар жойлашган бўлиб, бу ерда меҳмонлар ўзини бир зумга бўлса-да, ёзувчи-шоир оламига тушиб қолгандек ҳис этишади. 

Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрида туғилган. У Октябр тўнтаришидан кейинги йилларда муаллимлар тайёрлов курсини битириб, янги усулдаги мактабларда ўқитувчилик қилди. 1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг «Камбағал деҳқон», «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ ҳақиқати» рўзнома муҳарририятларида ишлади. 30-йилларда Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам ўз китобхонига тақдим этди.

Улуғ Ватан уруши йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа, унинг муқаррар ғалабасига бағишлади. Айниқса, шоирнинг «Кузатиш», «Сен етим эмассан», «Қиш», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак», «Вақт», «Оналар» сингари асарларида дунё халқларини фашизмдан халос этган жангчиларнинг мардона курашлари тасвирланган.

Мавзуга оид