Спорт | 15:10 / 13.10.2017
17934
5 дақиқада ўқилади

Тафаккур ўйинлари. Жозе Моуриньо

Эртага бўлиб ўтадиган «Ливерпуль»га қарши ўйин олдидан «Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Sky Sports нашрига экслюзив интервью берди. Бир жиҳатга алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман.

- Суҳбатимизни Феллайни мавзуси билан бошласак. У Бельгия терма жамоаси таркибида жароҳат олди. Унинг ҳолати ҳақида маълумотга эгамисиз?

- Йўқ, билмайман.

- У клуб ихтиёрига келиб қўшилдими?

- Йўқ.

- Бельгияликлар унинг аҳволи ҳақида сиз билан алоқага чиқмадими?

- Йўқ, мен билан эмас. Балки клуб врачлари билан гаплашишгандир, мен билмайман.

- Яхши. Қандайдир текширувлар учун унинг етиб келишини кутаётгандирсиз?

- Йўқ, мен буни кутмаяпман. У ҳақида ўқиганларимдан келиб чиқсак, у ўйинга тайёр эмас.

- Бу ҳолат сиз учун қанчалик муаммо?

- Муаммо йўқ.

- Агар яна икки таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнайдиган бўлсангиз, демак Андер Эррера пайдо бўлган бўш ўринга қайтар эканда?

- Фақат Эррера эмас. Биз ҳамма футболчиларга ишонамиз. Биз ўтган йили ҳам кўп футболчиларни жароҳат туфайли йўқотганмиз, бу сафар ҳам, лекин бунинг устида тўхтаб қолиш одатимиз йўқ: бири кетса, иккинчиси тайёр ҳолда бўлади. Биз уларга ишонамиз ва нолимаймиз, кимдир жароҳат олса, унинг ўрнига майдонга тушадиган футболчига ишонамиз.

Моуриньонинг Феллайни ҳақидаги гапларига ишонмайман. Мураббийга бу жароҳат қаттиқ таъсир қилгани, балки ўша куни томоғидан овқат ўтмагани ҳақиқатга яқинроқ. Зеро Моуриньо учун Феллайни қандай футболчи эканини жуда яхши биламиз. Айнан «Ливерпуль» каби кучли клубларга қарши бельгиялик футболчи муҳим фигура бўлишини сезиш қийин бўлмаган: «Ҳатто захира ўриндиғида ўтирган бўлса-да, Феллайни билан ўзимни хавфсиз ҳис қиламан», – бу ҳам Жозе Моуриньодан иқтибос.

Айнан мана шундай футболчи, мавсумдаги илк жиддий сафар учрашувида сафдан чиқади-ю, Моуриньо ҳеч нарсага қизиқмай ўтираверармиди? Ҳечам-да!

Албатта, Моуриньо Феллайнининг ҳолати билан қизиққан. Тўлиқ маълумотни олиб улгурган. У қайси ўйинларда майдонга тушира олмаслигига қараб, кейинги режаларини ҳам тузиб бўлган, шубҳасиз. Лекин бу ҳақида журналистларга тўғрисини айтиш унга ва жамоага қандай ёрдам берарди? Ҳеч қандай.

Феллайни «Ливерпуль»га қарши ўйинда майдонга тушмаслиги аниқ. Шунинг учун, Моуриньонинг бу футболчи билан шуғулланишга, унинг нақадар муҳим эканини айтиб, кўнглини кўтаришга эҳтиёжи йўқ. Айни дамда, вақтинча, Феллайни ҳам худди Погба каби, Моуриньо учун ҳеч ким. У учун шу паллада Эррера, Матич, Каррик ва ҳатто МакТомминей муҳимроқ. Моуриньо эътиборини айнан шу футболчиларга қаратади ва интервьюларда ҳам, машғулотларда ҳам, матбуот анжуманларида ҳам уларга фойдаси тегадиган гапларни айтади. Маруаннинг муҳим экани, унинг майдонга тушмаслиги йўқотиш эканини айтишдан кўра, бошқа футболчиларнинг ҳам ўрни ундан кам эмаслигига урғу бериш фойдалироқ эмасми? Айниқса, Эррера ҳақидаги фикрларига қаранг: Моуриньо Эрреранинг майдонга тушиши Погба ёки Феллайнининг жароҳати туфайли содир бўлиши мумкинлигини инкор этяпти, аслида шундай бўлса ҳам. Мақсад, Эррера ҳам ўзининг майдонга тушиши бошқаларнинг жароҳати бўлгани деб ўйламасин.

Шу ўринда, ўтган мавсумнинг охирлари ёдга келади. Моуриньо қатнашган матбуот анжумани йўқ эдики, у жароҳатлардан нолимасин. Аммо у пайтларда, муҳит бошқа эди, жамоа маълум вазифаларни бажариш учун ҳал қилувчи паллага кирган, асосий мақсад, футболчилардан босимни олиб ташлаш эди. Чунки айнан босимнинг юқорилиги вазиятлардан фойдаланишда халақит бераётган, жамоа гол уришда қийинчиликларга дуч келаётганди.

Бугунги гаплар, бугунги жавоблар эса, фақат яқин кунларда кутилаётган ўйинлар учун ўзига хос «mind games» холос. Ишонаман, эртага «Ливерпуль»дан мағлубиятга учраса ҳам, Моуриньо бунга сабаб сифатида Феллайнининг йўқлигини келтирмайди. Чунки катта эҳтимол кейинги ўйинда ҳам Феллайни йўқ. Нима кераги бор, йўқ футболчи ҳақида гапириб, борларга салбий таъсир қилиб.

Бир кун, қачонки, Феллайни ёки Погба тикланиб, майдонга қайтганда, шубҳасиз, Моуриньо уларнинг жамоадаги ўрни беқиёс бўлгани, балки уларнинг йўқлиги учун бир неча очко йўқотилганини айтар... Ёзда «Турклар Феллайнидан кўра мени қўлга киритишлари осонроқ», дегандек, яна қанақадир оригинал фикрлар билан футболчининг кўнглини кўтарар...

Чунки ўша палла учун Моуриньога Феллайни, унинг руҳияти муҳимроқ бўлади, МакТомминейнинг жамоадаги ўз ўрни ҳақидаги фикрлари эмас.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид