Суд тиббиёт коллежининг уриб ўлдирилган талабаси ҳақида ҳали ҳукм ўқиб бўлмасданоқ, юридик коллежда ҳам фожиа рўй берди. Яна бош қаҳрамонлар ва айбдорлар — ўсмирлар. Болаларнинг бу қадар бераҳм эканлигига асосий сабаб нимада?

Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқларда сўнгги фожиа фаол муҳокама этилмоқда. Ҳар ким ўзича ҳукм чиқармоқда: кимдир коллеж раҳбариятини айбласа, бошқалар — ота-оналарни, учинчи томон — жавобгарлик ҳисси йўқлигини ва ҳоказо. Айблашга асло шошмаслик керак. Келинг, шахсан ўзим гувоҳ бўлган бир неча ҳаётий воқеаларга эътибор қаратайлик.

...Эрталабки соат саккиз. Пойтахт мактаби. Болакайлар ўқишга шошилишмоқда. Кичик ёшдаги ўқитувчиларни яқинлари қўлларидан ушлаб бошлаб боришмоқда, катта ёшлилари ўзлари мустақил йўлга тушишган. Саккиз ёшлардаги болакай, қўлини тутиб бораётган ойисидан нимадир сўрамоқчи, лекин она телефонда сўзлашиб бормоқда. Ойисининг эътиборини яна бир марта жалб қилишга уринган чоғда бошига шапалоқ келиб тушди. Бола ҳиқиллаб қолди. Бунга жавобан эса ёмон сўзлар билан йўғрилган койиш эшитди. Бола энди индамасдан кета бошлади. Бу дақиқаларда боланинг кўнглида нималар юз берганини тасаввур этиш қийин. Шу куннинг ўзидаёқ синфда жанжал юз берди. Воқеаг айбдори — «қаҳрамон»имиз. Ўзининг ранжу аламини у ўзидан кўра кучсизроқ синфдошидан чиқариб олди. Синф раҳбари ва ота-оналарнинг бу мавзудаги суҳбати охирига етмай қолди. Вазиятга чуқурлашмасдан ҳар икки томон бош айбдор — ўқитувчи, деган тўхтамга келишди.

Бошқа ҳолат. Чошгоҳ. Юқори синф ўқувчиси мактабдан чиқиб кетмоқчи. Мактаб қўриқчиси ундан кундалигини кўрсатишни талаб қилиб, фақат дарслари тугаган бўлсагина мактабдан қўйиб юборишини айтади. Бироқ ўқувчи кундалигини кўрсатишдан бош тортади. Боз устига, қўриқчига бақириб, ҳозир отасини чақириши билан пўписа қилди.

Учинчи ҳолатда гувоҳ бўлганмизки, оналар болалари мустақил бўлиб қолишгани ва 7–8 ёшида уйда бир ўзлари бемалол қолишларини мақтанишади. Асосийси — уларга компьютер ва телефон олиб берилса бас. Бошқа ҳолатда олтинчи синфда ўқувчи қиз дугоналарига дарсларни кўчиришга бериб туриши учун аълочи синфдошини қўрқитиш кераклигини уқтиради. Ўқув даргоҳларидан, қўшнилар ва бошқа жойлардан келаётган сигналларга ота-оналар кўпинча беэътибор бўлишади ва фарзандларига ўз олдларида пайдо бўлаётган муаммоларни мустақил ҳал қилишга қўйиб беришади, бу эса биринчи навбатда болаларда бераҳмлик, шафқатсизликни пайдо қилади. Барча нарсанинг илдизи шунда эмасми? Биз ушбу саволлар билан узоқ йиллар тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлаган психолог Валерия Мелконянга мурожаат қилдик.

— Бола характерининг шаклланишида муҳит ҳам, шафқатсизлик ва тажовузкорликни тарғиб этувчи айрим телекўрсатувлар, интернет ва компьютер ўйинлари ҳам катта рол ўйнайди. Бу ҳолатда тарбия жараёнида ота-оналарнинг роли ё вақти камлиги, ёки қндайдир муаммони ҳал қилиш истаги йўқлигидан жуда пасайтириб юборилган. Кўпинча баъзи бир ота-оналарда тарбия жараёни шапалоқ ва бақириш билангина чекланади. Сўнгги вақтларда ўз ҳолига ташлаб қўйилган болаларни кўп учратмоқдамиз. Табиийки, буларнинг барчаси боланинг эмоционал ҳолатига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Болалар ўзларини йиғилиб қолган салбий ҳиссиётларини чиқариш учун манба ахтара бошлашади ва қаҳрини кўпинча ўзларидан ожизроқ болаларга тўкиб солишади.