“Алининг дўпписини Валига...”
Тўрт йилдан бери Чуст туманида жойлашган фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари бўлиб ишлаётган Сарвар Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) негадир нафс жиловини қўйиб юборди. “Ахир имкон борида фойдаланиб ҳам қолиш керак-ку! Менинг ҳам бола-чақам, қора қозоним бор. Бунинг устига, биров билиб ўтирибдими?! Чақирмасам ҳам пул ўз оёғи билан келиб, “чўнтакка тушаман”, деб оёқ тираб турганда вазиятни қўлдан чиқарсам, унчалик тўғри иш бўлмас. Йўқ, яхшиси отни қамчилаб қолиш керак!”.
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, шундай енгил-елпи ўйлар исканжасида ҳовлиқаётган Сарвар жавобини илҳақ кутганча оғзини пойлаб турган Жобирга:
- Хотиржам бўл, жиянингнинг ер ҳужжатларини расмийлаштириб бераман, фақат хизмати учун 100 “кўк”идан атайсан, - деди.
Жобирнинг дарҳол розилик билдиргани учун янада дадилланиб, енгил тортди ва пешонасидаги терни рўмолчаси билан артиб олди.
- Ишдан кўнглинг хотиржам бўлсин, тегишли одамлар билан маслаҳатлашдим. Хуллас, сен ва жиянинг сўраётган 0,5 гектар майдонга 10 миллион сўм тўласанг бўлди. У ёғига ишнинг ўзи ғилдираб кетаверади.
Аслида воқеа бундай бўлган эди. 2 йил аввал Жобир таниши Сарвар Носировдан фермер хўжалиги тасарруфидаги майдон ёнидаги ярим гектар келадиган бўш, қаровсиз жойни деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун жияни Камолиддин Давлатов номига қонуний расмийлаштириб беришда кўмак сўраган эди. Чунки Камолиддин табиатан меҳнаткаш, бунинг устига, боғдорчилик, деҳқончилик ишларида суяги қотган йигит бўлиб, эгасиз ерни вақтинчалик фойдаланишга олган, машаққат чекиб қилган меҳнати эвазига чоғроққина боғ ташкил этган эди. Жиянининг ўша ерда деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида хабардор бўлган Жобир орага тушишга қарор қилганди.
Иш деярли осон кўчди. Сарвар “бир ишни қиламан”, дедими, бажармай қўймайди, лафзли бола.
Сарвар айтганидек, иш бу ёғига ўз ғилдираб юриб кетди. Туман ер ресурслари бўлимида ишловчи Зоҳид Сарварга бу ишни битиришда ёрдам беришини айтиб, ҳужжатларни “тайёрлаш”ни ўз бўйнига олди.
2015 йилнинг ноябрида аввал Жобирнинг ўзи Зоҳидга ер ҳужжатларини расмийлаштириш учун 2 млн. 500 минг сўм беради. Орадан бир ой ўтар-ўтмас жияни Камолиддин яна 2 млн. 500 минг сўмни унинг қўлига қўшқўллаб тутқазади. Бунинг устига, Зоҳид пулни сўмда эмас, АҚШ доллари кўринишида олиб келишини талаб қилиб, сўзининг ишончли чиқиши учун ернинг бўлажак эгалари бўлмиш Камолиддин ва унинг укаси Равшаннинг фуқаролик паспортлари нусхаларини ҳам сўраб олди.
Ниҳоят, 2016 йилнинг январида Сарвар Носиров Камолиддинга қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни битганини маълум қилди.
- Ер, келишилганидек, 0,25 гектардан икки киши номига, яъни сен ва уканг номига расмийлаштирилди. Туман ҳокимининг қарори, баённома ва ер харитаси – ҳаммаси тайёр, олиб кетишинглар мумкин. Айтганча, пулнинг қолганини олиб келиш эсдан чиқмасин.
Ўша куни хушхабарга муштоқ бўлиб юрган Камолиддин Сарвар айтган 2 млн. 500 минг сўмни дарҳол унга етказиб, ҳужжатларни қабул қилиб олади ва ишни бошлаш тадоригини кўра бошлайди. Аммо қинғир ишнинг қийиғи юзага чиқди. Унча-мунчанинг фарқига борадиган Камолиддиннинг негадир бу ҳужжатлардан кўнгли тўлмаётганди. Шунинг учун шубҳалардан холи бўлиши учун туман ер ресурслари ва давлат кадастр хизмат бўлимига бориб, уларни кўрсатганида, сохталаштирилган ушбу ҳужжатлар аслида туман ҳокимининг 2013 йилдаги бошқа бир фуқарога интенсив боғ яратиш бўйича қарорининг нусхаси бўлиб чиқади.
Не қийинчиликлар билан зўрға қўлга киритилган ҳужжатлар сохталигидан хабар топган Камолиддиннинг фиғони фалакка чиқди. Сарварни сиқувга ола бошлади. Иш бундай тус олишини кутмаган, саросимага тушиб қолган Сарвар ҳам ўз ўрнида Камолиддин ва Зоҳид билан “сен-мен”га боради. Бу борада масала чигаллашиб, “ғилдираб” кетган иш аллақачон манзилга етиб борганди.
Аслида ер участкаларини захирага олиш ва реализация қилиш масъулиятли ҳамда кўп босқичли жараён ҳисобланиб, одатда, бундай масалаларда мурожаат қилган фуқароларнинг аризаси туман ҳокимлигининг ер ресурслари ҳамда сув хўжалиги бўлими бошлиқлари, фермерлар кенгаши раиси, табиатни муҳофаза қилиш туман бўлими, қолаверса, ҳудуд қишлоқ фуқаролар йиғини раисларидан иборат комиссия томонидан батафсил ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг комиссия аъзолари кўрсатилган ер майдонини бориб кўрадилар ва беш нусхада тегишли ташкилотларга баённома берилади. Мазкур баённомага туман ҳокими имзо қўйганидан сўнггина ерга эгалик борасида қарор чиқарилиши мумкин.
Камолиддин Давлатовга берилган ҳужжатлар ноқонуний бўлиб, туман ҳокимининг 2013 йилда чиқарилган қарорига тегишли баённома ҳужжати 2015 йилда тузилган эди.
Мансабини суистеъмол қилишга уринган, “Алининг дўпписини Валига кийдириб”, бировнинг номига расмийлаштирилган эски ҳужжатни компьютер орқали сохталаштириб, бошқа бир кишига расмийлаштириб, шу йўл билан йирик миқдордаги пулни қўлга киритмоқчи бўлган Сарвар Носиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилди.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024