Жаримага тортилган Telegram: Дуров суд қарори устидан шикоят қилмоқчи, Кремль эса унинг «синиши»дан умидвор
Москванинг Мешчанск райони 383-суд участкасидаги яраштирув суди Telegram Messenger LLP (Лондон)ни Россия федерал хавфсизлик хизматининг фойдаланувчилар хабарларини кодини очиш учун маълумот тақдим этиш тўгрисидаги сўровини ижро этишдан бош тортгани учун 800 минг рубль жаримага тортилган ҳақида хабар берган эдик.
Мессенжер асосчиси Павел Дуров «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги ўз деворида ФХХнинг ушбу талабини «техник томондан амалга ошириб бўлмайдиган» ва «Конституцияга зид» деб атади. РФ конституциясининг 23-моддасида «Ҳар бир инсон ёзишмалар, телефон қўнғироқлари махфийлиги, почта, телеграф ва бошқа ёзишмалари сир тутилиши ҳуқуқига эга», деб белгилаб қўйилган.
Павел Дуров Telegram’ни жаримага тортиш ҳақидаги Москва судининг қарори устидан шикоят қилишини эълон қилди. У шу иш билан шуғулланишни истовчи юристларга мурожаат қилган ва яқин кунлар ичида иш учун жамоа йиғишга ваъда берди.
Мессенжер асосчиси шунингдек ФХХнинг талаби — «фуқароларнинг конституцион ҳуқуқи эвазига ўз таъсир доирасини кенгайтириш», деди ва талаб этилган чораларни «техник томондан амалга ошириб бўлмайдиган», деб атади.
ТАССга кўра, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Telegram маълумотларни ФХХ билан бўлишишни рад этгани учун суд томонидан жаримага тортилгач, Кремлда мессенжернинг эҳтимолли блокланиши хусусида хавотир бор-йўқлиги ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, ҳозирча мессенжерни блоклаб қўйиш ҳақида гап бормаётганини таъкидлаган.
Газета.ру’нинг РИА «Новости»га таяниб ёзишича, Россия президентининг интернет бўйича маслаҳатчиси Герман Клименко Telegram мессенжери алал-оқибатда ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади, деган.
«Мен яқин истиқболда ҳам, узоқ истиқболда ҳам маълум бир мамлакат ҳудудида ушбу ҳудуд билан ҳамкорлик қилмасдан ишлай оладиган бирорта компанияни кўрмаяпман», — деган у.
Клименконинг сўзларига кўра, барча трансмиллий корпорациялар ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади, «ҳамма кодларни бўлишадиган Skype ёки Microsoft каби бўлишга маҳкум».
Мавзуга оид
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
19:06 / 01.11.2024
Киберхавфсизлик маркази Telegram орқали тарқалаётган вируслардан огоҳлантирди
11:41 / 01.11.2024