Жаҳон | 12:19 / 17.10.2017
7487
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон Жээнбековни табриклади

Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон сешанба куни Қирғизистоннинг сайланган президенти Сооронбай Жээнбековга табрик йўллади. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

Хабар берилишича, табрик мактубида, хусусан, шундай дейилади: «Қирғизистон Республикаси президенти олий лавозимига сайланганингиз билан Сизга ўзимнинг самимий табрикларимни йўллашдан мамнунман.

Қирғизистон халқи Сизнинг давлат фаолиятингизга ўз хоҳиш-иродаси билан юқори даражада ишонч билдирди.

Тожикистон ва Қирғизистонни узоқ тарихга эга бўлган дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари бирлаштириб туради.

Биз Сизни Тожикистон ва Қирғизистоннинг кўп қиррали муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори сифатида биламиз.

Тожикистон-Қирғизистон ўзаро ҳамкорлигининг бутун комплексини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор бўлган ҳолда, ишончим комилки, биз қўшма саъй-ҳаракатлар орқали мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни икки халқнинг фаровонлиги учун сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқа оламиз.

Мен сизга, ҳурматли Сооронбай Шарипович, яхши соғлик, бахт ва янги муваффақиятлар, дўстона Қирғизистонга – тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт тилайман».

Эслатиб ўтамиз, ўтган якшанба куни Қирғизистонда давлат раҳбари сайлови ўтказилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, унда ҳукмрон партиядан номзод Сооронбай Жээнбеков ғалаба қозонди. 

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сооранбай Жээнбековни табриклагани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид