Жаҳон | 09:53 / 17.10.2017
16660
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати президентлик сайловларига тайёргарлик бошланганини эълон қилди

Фото: ТАСС

Россия ҳукумати режалаштирилаётган президентлик сайловига тайёргарлик кўриш бошлангани расмий эълон қилинган қарор лойиҳасини ишлаб чиқди ва сайлов кампанияси давомида вазирликлар ва идораларга кўрсатмалар берди. РБК маълумотига кўра, тегишли ҳужжат «Сайлов комиссияларига президентлик сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишда ўз ваколатларини амалга оширишда ёрдам бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ном билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.

Лойиҳа жами 37 банд бор. Тегишли тушунтириш маълумотномасида сайловчилар рўйхатини тузиш ва аниқлаштириш, сайлов участкаларини шакллантириш, сайлов ҳужжатлари ва бошқа нарсаларни тақдим этишда тегишли идоралар, жумладан Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати, Росгвардия, Адлия вазирлиги, Федерал Солиқ хизмати, Энергетика вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва бошқаларнинг кўмак кўрсатиш чоралари белгилаб қўйилган.

Маълумотномада таъкидланишича, ҳужжат Россия Федерациясида президентлик сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. «Қарор лойиҳаси билан федерал ижро ҳокимияти органлари, бошқа давлат идоралари ва муассасаларнинг президентлик сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича турли даражадаги сайлов комиссиялари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўналишларини белгилаб берувчи қоидалар ўрнатилди», - дейилади ҳужжатда.

Ҳужжат сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар томонидан жамоат тартибини ҳамда умумий хавфсизликни таъминлашни белгилаб қўйди. Лойиҳада кўрсатилишича, сайлов участкаларини қўриқлаш «беғараз асосда» бўлиши керак. Қарорда алоҳида эътибор имконияти чекланган шахсларга, ҳарбий хизматчиларга, тергов изоляторида сақланаётганлар ва бошқаларга овоз бериш ҳуқуқи билан таъминлаш зарурлигига қаратилган.

Қарор лойиҳасига кўра Роскомнадзор, Росгвардия, ФХХ, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги «ноқонуний ташвиқот, жумладан, экстремистик фаолиятни тўхтатиш, ёлғон ҳамда ноқонуний сайлов кампанияси материалларини тайёрлашга йўл қўймаслик, ушбу материалларнинг ишлаб чиқарувчилари ва тарқатувчилари, уларга тўлов манбаларини аниқлаш» бўйича ишлар олиб боради.

Шунингдек, ташқи сиёсат идорасига ҳам кўрсатмалар берилди. У сайлов комиссиясининг илтимосига биноан, Россия президенти лавозимига номзодларда чет эл фуқаролигининг мавжудлиги ёки хорижда яшаш ҳуқуқи тўғрисида маълумот тақдим этишга мажбурдир.

Россияда президентлик сайлови 2018 йил 18 март куни бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозимига номзодлар 7 декабрдан 17 декабргача қадар бўлган муддатда ўзларининг сайловолди кампанияларини бошлайдилар. Февралда РБК’нинг икки федерал манбаси Кремль яқинлашиб келаётган сайловларга Владимир Путин янги муддатга ўз номзодини қўйишини эътиборга олган ҳолда тайёргарлик кўраётганини айтиб ўтишганди. Яна бир манбанинг қайд этишича, агар 2018 йилда Путин ўз номзодини қўйса, у ғалаба қозониши мумкин, аммо 70 фоиздан зиёд иштирокни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Мавзуга оид