Спорт | 15:40 / 23.10.2017
4654
6 дақиқада ўқилади

А Серияда 9-тур. «Милан»нинг навбатдаги қоқилиши ва бошқа ўйинлар

А Серия 9-турининг марказий ўйини Неаполда, «Наполи» ва «Интер» ўртасида ўтказилди.

Ҳар иккала жамоа ҳам бу тургача бирор марта мағлубиятга учрамаган эди. Ўйин муросасиз ва кескин курашларга бой бўлди. Майдон эгалари бироз ташаббусга эга бўлишди.

Мезбонлар ҳужумчиси Дрис Мертенс ўйинда камида иккита жуда қулай имкониятга эга бўлди. Бироқ, «Интер» дарвозабони Ҳанданович оғир вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди.

0:0 ҳисоби кўпроқ меҳмонларни қониқтиргани аниқ. Бош мураббий Лучано Спаллетти учрашувдан сўнг, натижадан мамнунлигини яширмади.

«Омадимиз келди деманг, биз ҳам ютиб кетишимиз мумкин эди. Баъзи ҳолларда «Наполи» худди соатига 1000 мил тезликда ҳужум уюштиргандек туюлди. Худди ўзга сайёраликларга қарши тўп сураётгандек бўлдик. Унутмайлик, келажак сари энди қадам ташламоқдамиз» - деди Спаллетти.

Дуранг натижага қарамай, «Наполи» чемпионатдаги пешқадамликни сақлаб қолди.

Наполи – Интер 0:0
Наполи – Рейна, Хюсай, Альбиоль, Кулибали, Гулям, Аллан (Рог, 76), Жоржиньо, Гамшик (Зелиньски, 72), Кальехон, Мертенс, Инсинье (Уна, 80).
Интер – Ҳанданович, Д`Амброзио, Шкриньяр, Миранда, Нагатомо, Весино, Гальярдини, Кандрева (Жоау Канселу, 83), Валеро (Жоау Мариу, 71), Перишич, Икарди (Эдер, 87).
Огоҳлантиришлар: Миранда (66), Кулибали (90).

Турнинг бошқа воқеалари. «Ювентус», «Лацио» ва «Рома»дан навбатдаги ғалабалар, «Милан» яна қоқилди

«Ювентус» клуби Удине шаҳрига сафар уюштириб, «Удинезе» билан беллашди. Ўйин кутилмаганда голларга бой бўлди.

Дастлаб, ҳисоб мезбонлар томонидан очилди. Перица 8-дақиқада Буффон дарвозасини ишғол этди. Шундан сўнг, «Удинезе» ҳимоячиси Самир ўз дарвозасини ишғол этди. 20-дақиқада Хедира меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан бироз ўтгач, «Юве» ҳужумчиси Манжукич ҳакам билан тортишиб қолгани учун майдондан четлатилди. Иккинчи бўлим бошида Ларангейра ҳисобни тенглаштирди.

Шундан сўнг, «Ювентус» «уйғонди» ва рақиб дарвозасига кетма-кет гол уриб ташлади. Якуний ҳисоб - 2:6 бўлди, Сами Хедира ўйинда ҳет-трикка эришди.

Ўйиндан сўнг, бош мураббий Массимилиано Аллегри қизил карточка олган Манжукичга алоҳида миннатдорчилик билдирди: «Манжукичга миннатдорчилик билдирмоқчиман. 10 футболчи бўлиб қолгач, диққат-эътиборимизни кучайтириб, янада яхшироқ ўйнадик ва мувозанатдан чиқиб кетмадик» - деди Аллегри.

Сами Хедира эса фаолиятида илк маротаба ҳет-трик соҳиби бўлганини маълум қилди: «Мураккаб ўйиндаги ғалабадан мамнунмиз. Умуман олганда, бу фаолиятимдаги илк ҳет-трик бўлди. Шу туфайли икки карра хурсандман» - деди Хедира.

Удинезе - Ювентус - 2:6 (1:2)
Голлар: Перица (8), Данило (47) - Самир (14 автогол), Хедира (20, 59, 87), Ругани (52), Пьянич (90).
Четлатиш: Манжукич (26)

Рим шаҳри клублари ҳам бу турда очко йўқотмай, пешқадамларни узоққа қўйиб юборишмади. «Рома» сафарда осон кечмаган ўйинда «Торино»ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди. «Лацио» ўз майдонида Кальяри«ни тор-мор этди.

Торино - Рома - 0:1 (0:0)
Гол: Коларов (69).

Лацио - Кальяри - 3:0 (2:0)
Голлар: Иммобиле (7 пенальти, 41), Баштуш (49).

«Милан» инқироз кўчасидан чиқиб кетолмаяпти. Жамоа сўнгги уч турда мағлубиятга учраган эди. Бу сафар камтарона «Женоа» қаршилигини синдира олмади. 22-дақиқада марказий ҳимоячи Леонардо Бонуччи рақибини тирсаги билан ургани учун майдондан четлатилгач, бош мураббий Винченцо Монтелланинг режалари ўзгариб кетди. Қизиғи шундаки, бу вазиятда ҳакам қоидабузарликни сезмай қолганди. Бироқ такрорий видеолавҳани томоша қилгач, Бонуччини зудлик билан майдондан четлатди. Қолган дақиқаларда миланликларнинг рақиб ҳимоясини бузиб ўтиш учун қилинган барча ҳаракатлари бесамар кетди.

Бу натижадан сўнг, Монтелланинг «Милан» бош мураббийи лавозими курсиси янада қимирлаб қолди.

Милан - Женоа - 0:0
Четлатиш: Бонуччи (22)


Турнинг бошқа натижалари:

Сампдория - Кротоне - 5:0 (3:0)
Голлар: Феррари (3), Квальярелла (12 пенальти), Капрари (39), Линетти (71), Ковнацки (76).

Кьево - Верона - 3:2 (2:1)
Голлар: Инглезе (23, 30 пенальти), Пеллисье (73) - Верде (6), Паццини (55 пенальти).

СПАЛ - Сассуоло - 0:1 (0:1)
Гол: Политано (1).

Беневенто - Фиорентина - 0:3 (0:1)
Голлар: Бенасси (18), Бабакар (47), Теро (66 пенальти).

Аталанта - Болонья - 1:0 (0:0)
Гол: Корнелиус (71).

 

Тур қаҳрамони - Сами Хедира (Ювентус)

«Ювентус»нинг германиялик яримҳимоячиси Сами Хедира «Удинезе»га (6:2) қарши ўйинда учта гол уриб, нафақат жамоасининг ғалабасига салмоқли ҳисса қўшди, балки фаолиятидаги илк ҳет-трикка ҳам эришди.

Турнинг рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Тома Стракоша (Лацио)
Ҳимоячилар: Лоренцо де Сильвестри (Торино), Даниэле Ругани (Ювентус), Лука Россеттини (Женоа), Александр Коларов (Рома)
Яримҳимоячилар: Хуан Куадрадо (Ювентус), Сами Хедира (Ювентус), Марко Бенасси (Фиорентина), Маттео Политано (Сассуоло)
Ҳужумчилар: Чиро Иммобиле (Лацио), Эстебан Сапата (Сампдория)

 

Турнир жадвали

Чемпионат тўпурарлари

13 - Чиро Иммобиле (Лацио, 5 пен)
10 - Пауло Дибала (Ювентус, 1)
9 - Мауро Икарди (Интер, 4)
7 - Дрис Мертенс (Наполи, 3), Эдин Жеко (Рома)
6 - Сириль Теро (Фиорентина, 3)
5 - Фабио Квальярелла (Сампдория, 2)
4 - Роберто Инглезе (Кьево, 1), Хосе Кальехон (Наполи)

 

Навбатдаги тур ўйинлари

10-тур.
24 октябрь

Интер - Сампдория

25 октябрь

Аталанта - Верона
Сассуоло - Удинезе
Рома - Кротоне
Ювентус - СПАЛ
Женоа - Наполи
Фиорентина - Торино
Кьево - Милан
Кальяри - Беневенто
Болонья - Лацио

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид