Ўзбекистон | 08:49 / 25.10.2017
6009
3 дақиқада ўқилади

ЕТТБ ва Ўзбекистон сармоявий лойиҳалар тўпламини ишлаб чиқмоқда

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон учун илк икки лойиҳани бир овоздан тасдиқлагани мамлакат ҳамда ЕТТБ ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичида муҳим воқеа бўлди. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида айтилади.

“Дарҳақиқат, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Сиз билан бўлиб ўтган учрашув ва Ўзбекистон ҳукумати билан Англашув меморандуми имзоланганидан сўнг банкимиз вакиллари тезкорлик билан қатор сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқишга муваффақ бўлгани мени қувонтиради. Ишончим комилки, бу ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликдан манфаатдор экани ва банкимиз Сизнинг ташаббусингиз билан амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашининг ишончли тасдиғидир”, - дейилади мактубда. 

Таъкидланишича, юқорида зикр этилган икки лойиҳа кичик ва ўрта бизнес, савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий банкига ажратиладиган 100 миллион доллар қийматидаги кредит линияси, шунингдек, мева шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Агромир" хусусий компаниясига ажратиладиган 10 миллион долларлик заёмдан иборатдир. Ҳар икки лойиҳа Ўзбекистон билан келишилган устувор йўналишларга тўла мос келади. Ушбу лойиҳалар банк тармоғи, кичик ва ўрта тадбиркорлик, агробизнесни мустаҳкамлаш орқали мамлакат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади. 

Чакрабартининг қайд этишича, Европа тикланиш ва тараққиёт банки мутахассислари ҳозирги вақтда молия, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида, шунингдек, жойлардаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. 

“Биз "Кичик бизнес учун маслаҳатлар" дастурини ҳам ишга туширдик. Ушбу дастур доирасида биринчи лойиҳалар бошлаб юборилган. Бундан ташқари, мамлакатингиз билан Ҳамкорлик стратегиясининг дастлабки ишланмаларини якунлаш арафасидамиз. Стратегия бўйича делегациямиз ЕТТБнинг Ўзбекистондаги узоқ истиқболга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишларини келишиб олиш учун келаси йил бошида ҳукуматингиз вакиллари билан учрашишига умид қиламиз”, - дейилган ЕТТБ президенти мактубида.

Мавзуга оид