Иқтисодиёт | 22:19 / 25.10.2017
14192
2 дақиқада ўқилади

Туркия 2017 йилда туризмдан қанча даромад олиши мумкинлиги маълум қилинди

Фото: vestifinance.ru

2017 йилда Туркиянинг туризмдан оладиган даромади 24-25 млрд долларни ташкил қилиши керак, деб айтди "Анадолу" ахборот агентлигига Туркия туристик агентликлари уюшмаси (TÜRSAB) раҳбари Башаран Улусой.

Унинг айтишича, 2017 йилда Туркия туризм соҳасидаги вазият 2016 йилдагига нисбатан яхшироқ бўлган, бироқ у ҳали 2014-2015 йиллардаги даражага етмаган.

Улусойнинг айтишича, Туркия туризм оҳаси вакиллари бу даражага етиш учун барча имкони бор ишни амалга оширмоқдалар. Унинг таъкидлашича, хорижий сайёҳлар Туркияга ўзларининг мамлакатларида йўқ бўлган нарсаларни кўриш учун келадилар, уларни Туркия ошхонаси ва тарихий жойлари қизиқтиради, улар турк маданияти ва халқ ижоди билан танишишни истайдилар.

2016 йилда Туркия туризм соҳасига Германия, АҚШ, Узоқ Шарқ ва Осиё давлатлари сайёҳлари энг кўп даромад келтирганлар. 

Улусой Анқара ва Вашингтон ўртасида вужудга келган виза муаммосининг туризм соҳасига таъсирига изоҳ бериб, бу вазият АҚШдан келувчи сайёҳлар сонига таъсир қилмаслигини айтди. Унинг фикрича, бу сиёсий муаммо қисқа муддатларда ҳал қилинади. "Туркия бунга лойиқ эмасди ва дўстона давлатдан буни кутмаганди", деб қўшимча қилган Улусой.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид