Жаҳон | 00:05 / 26.10.2017
6900
3 дақиқада ўқилади

Хитойда фуқароларнинг овозлари намуналари нима мақсадда йиғила бошланди?

Фото: EAST NEWS

Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Хитойда фуқаролар овозлари намуналари йиғилаётгани ҳақидаги маълумотларни олди. Бу овоз намуналари полицияда  фуқароларнинг уй манзиллари каби қолган шахсий маълумотлари билан биргаликда сақланади.

Human Rights Watch томондан йиғилган полиция маълумотларига кўра, Хитойда муайян одамларнинг овоз намуналари йиғилмоқда. Ташкилотнинг фикрича, бу Хитойнинг "катта кўламли биометрик маълумотлар базасини яратиш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Бу маълумотлар базасида фуқароларнинг бармоқ излари, кўз пардаси ва ҳаттоки қандай қадам ташлаши каби маълумотлар сақланади.

Овозлар миллий базасини яратиш 2012 йилда бошланган. Синов ҳудуди сифатида Аньхой вилояти танланган. Бу ерда овозларни таниш тизимларига ихтисослашган iFlytek компанияси жойлашган. 3 йил ичида вилоятда 70 мингта овоз намуналари тўплами йиғилган. 

Human Rights Watch’да таъкидланишича, Хитой ҳукумати нима учун бундай қадамга борганининг аниқ расмий изоҳи йўқ. Таъкидланишича, полиция овозлар базасидан жиноятларни тергов қилишда фойдаланади, бироқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотида ҳукумат овоз намуналарини оддий одамлардан, мисол учун, бошқа шаҳарга кўчиб ўтганлар ва баъзи вилоятлар аҳолисидан йиғаётгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. 

Аввалроқ Хитой полицияси фуқароларнинг ДНКларини миллий биометрик базани яратиш учун йиғаётгани маълум қилинганди. Ҳозирда бу базада 40 млн киши, жумладан, муҳожирлар, диссидентлар ва мусулмон уйғурларнинг ДНК намуналари бор.

Бироқ биометрик маълумотлар нафақат Хитойда йиғилади. Human Rights Watch маълумотларига кўра, 125 млн америкаликнинг юз қиёфаси маълумотлар базасида сақланади ҳамда маҳаллий ва федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари томондан фойдаланилади.

Аввалроқ Хитой компартияси 2020 йилгача фуқароларнинг сиёсий мақбуллигини баҳолаш тизимини ишга туширишни режалаштираётганини маълум қилганди. Виждонлилик ва партия режасига амал қилиш учун баллар бериб борилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидабузарлиги ёки интернетда шикоятларни жойлаштириш, аксинча, рейтингни пасайтириши мумкин. Рейтинг қанчалик паст бўлса, шу инсон кўпроқ кузатилади ва камроқ имтиёзга эга бўлади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид