Жаҳон | 09:07 / 30.10.2017
11562
2 дақиқада ўқилади

АҚШ стратегик ядро кучларининг ўқув машғулотларини бошламоқда

Фото: AP

Америка Қўшма Штатлари 30 октябрь куни стратегик ядро кучларининг "Глобал чақмоқ" (Global Thunder) деб номланган машғулотларини бошлайди. Унда глобал зарба бериш ва ракета ҳужумларига қарши воситалар синовдан ўтказилади, деб хабар қилмоқда РИА Новости. АҚШ Стратегик қўмондонлиги расмий вакили (STRATCOM) Брайан Магуирнинг агентликка маълум қилишича, Америка бу ҳақда икки томонлама келишув шартларига мувофиқ, Россияни аввалроқ хабардор этган. 

"СҲҚ-3 шартномасига кўра, АҚШ ва Россия йирик ядровий машғулотлар ҳақида бир-бирини огоҳ этишлари шарт. Шу боисдан ҳам Россия бу машғулотлардан аввалдан хабардор қилинган", — деган Магуир.

Унинг қўшимча қилишича, масалан, ядро қуролига эга бўлган Хитойга машғулотлар ўтказилиши юзасидан ахборот берилмаган. Чунки Вашингтоннинг Пекин билан бундай келишуви йўқ. 

STRATCOM расмий вакилининг айтишича, Global Thunder ўқув машғулотлари ҳар йили ўтказилади.

Унинг маълум қилишича, мамлакатга нисбатан турли стратегик таҳдидларга қарши жавоб бериш ва STRATCOM жанговар тайёргарлигини кўздан кечириш асосий мақсаддир. Ҳарбий ўқув машғулотлари чоғида космик кучлар имкониятлари, кузатув ва разведка тизимлари, глобал зарба бериш тизимлари ва ракеталарга қарши мудофаа воситалари ҳамда киберимкониятлар кўздан кечирилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Россияда ҳам стратегик ядро кучларининг комплекс машғулотлари бўлиб ўтди. Унда Стратегик аҳамиятдаги ракета қўшинлари, Шимолий ва Тинч океани флотлари атом сув ости кемалари ҳамда Россия ҲҲК узоқ авиациясининг ўзаро ҳаракатлари мувофиқлиги текширилди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид