Фан-техника | 19:21 / 31.10.2017
11388
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон энг йирик смартфонлар бозорида АҚШни ортда қолдирди

Фото: Reuters

Сингапурнинг Canalys таҳлил агентлиги маълумотларига кўра, Ҳиндистоннинг учинчи чоракда смартфонларни етказиб бериш бўйича кўрсаткичлари ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 23 фоизга ошган ва 40 миллион бирликни ташкил қилган. Бу Ҳиндистонга АҚШни ортда қолдириш ва дунёнинг энг йирик смартфонлар бозорида иккинчи бўлиш имконини берди. Canalys таҳлилчилари фикрича, талабнинг кучайишига Ҳиндистонда 4G тармоғининг такомиллашиши таъсир қилган бўлиши мумкин.

Ҳиндистон смартфонлар бозорининг 75 фоизини беш йирик етказиб берувчи назорат қилади — Samsung, Xiaomi, Vivo, Oppo ва Lenovo. Асосий импортчилар — Samsung ва Xiaomi, сотилган смартфонларнинг 9,4 миллион ҳамда 9,2 миллиони, яъни барча смартфонларнинг деярли ярми шу икки компания улушига тўғри келади. Xiaomi смартфонлари энг кўп ўсиш даражасини қайд этди, компания ўз кўрсаткичларини ўтган йилгига нисбатан 290 фоизга оширди.

Жорий йилнинг бошида Apple Ҳиндистонда ҳам ўз маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйганди. Бу iPhone смартфонларини етказиб беришнинг 2016 йил учинчи чораги кўрсаткичларига нисбатан икки баробар ошишига олиб келди. Шундай бўлса-да, бу компанияга энг йирик етказиб берувчилар бешлигига кириш имконини бермаган.

Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда 30 доллардан арзон смартфонлар сотилишидан манфаатдор бўлишини маълум қилди. Ҳукуматга кўра, бу сотувлар ва онлайн-тўловлар кўрсаткичларини оширади. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, жорий йилнинг охирида Ҳиндистонда 300 миллиондан зиёд кишида смартфон бўлади. 

Таъкидлаш жоизки, энг йирик смартфонлар бозорида етакчилик Хитойга насиб этган, мамлакат 2011 йилдаёқ бу борада АҚШни ортда қолдирган.

Мавзуга оид