Жамият | 14:50 / 08.11.2017
44477
4 дақиқада ўқилади

МХХ суюлтирилган газни ноқонуний сотиш бўйича жиноий схемани фош қилди

Фото: ForumHouse

Ўзбекистонда газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш давом этмоқда, бунда аҳолига газни узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳали ҳам муайян объектив қийинчиликлар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш билан давлат тузилмалари фаол шуғулланмоқда.

Марказлашган газ таъминоти бўлмаган туманларда аҳолига суюлтирилган газ баллонларда етказиб берилмоқда. Бунга давлат бюджетидан йирик маблағлар ажратилмоқда. Бироқ, давлатнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамасдан, ўз ҳамюртлари орқали пул топиш ва уларни ҳаётий зарур бўлган ёқилғисиз қолдирадиган одамлар топилмоқда.

Яқинда шундай ҳолатлардан бири Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан фош этилди.

Бир неча ой давомида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Сардоба, Гулистон туманлари аҳолиси суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришда узилишларга дуч келишган. «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Сирдарё вилоят филиали ўз вақтида етказиб беришга масъул бўлган.

Ишнинг барча жиҳатларини аниқлаш учун Миллий хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан биргаликда тезкор тадбир ўтказишди.
 
«Ўзтрансгаз» АЖнинг Сирдарё вилоят филиали раҳбари Бахтиёр Эшонқулов, «Мирзаобод» газ тақсимловчи пунктининг етакчи муҳандиси Элёр Каримов, ушбу пунктнинг заправкачиси Жаҳонгир Султонов, шунингдек, вилоят газ таъминоти корхонаси ҳайдовчиси Эркин Бўтаев жиноий мақсад билан тил бириктириб, схема ташкил қилишган. Унга кўра, аҳоли учун мўлжалланган газ Самарқанд вилоятидаги хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларига нақд пулга сотилган», - дея хабар берди МХХ вакили.

Схеманинг тафсилотлари аниқланди. Газ олиб юрувчи транспорт воситаси ҳайдовчиси Эркин Бўтаев ёқилғини одатда Қашқадарё вилоятининг «Шўртаннефтгаз» корхонасидан олган, ҳамда у ердан қайтишда газни Самарқанддаги шохобчаларга сотган.

«Ҳайдовчи олинган пулларни «Мирзаобод» газ тақсимловчи пунктининг етакчи муҳандиси Элёр Каримовга берган. У эса пулларни схеманинг барча иштирокчилари орасида тақсимлаган корхона раҳбари Бахтиёр Эшонқуловга топширган. Ҳар бир рейсдан ҳайдовчи 600 минг сўм олган, Каримов ва Султонов эса ўзларининг ўртасида бўлишишган - 1,5 миллиондан 3 миллион сўмгача. Қолганлари Эшонқуловда бўлган», - дея айтиб ўтди МХХ ходими.

Режага кўра, ўғирликни яшириш учун аҳолига тўлиқ тўлдирилмаган баллонларнинг фақатгина бир қисми етказиб берилган.

МХХ ходимлари ҳайдовчи Эркин Бўтаевни жиноят устида қўлга олиш учун махсус амалиёт ташкил қилишди. У бу сафар Самарқанд вилоятидаги хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларига 20,2 тоннадан зиёд газни сотаётган бўлган. Кейинчалик унинг юк машинаси Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги «Сардоба» постида ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилди. Салонда 23,85 млн. сўм ва 1 минг АҚШ доллари топилди, улар газни сотишдан олинган. Ушбу маблағлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, ушбу шахслар шу йилнинг май ойидан октябригача бўлган даврда Самарқанд вилоятидаги хусусий газ қуйиш шохобчаларига 265 тонна суюлтирилган газни ноқонуний равишда сотиб юборишган, натижада давлатга 486 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Ушбу ҳолат бўйича Департаментнинг ҳудудий бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) бўйича юқоридаги шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мавзуга оид