Жаҳон | 09:30 / 10.11.2017
9108
2 дақиқада ўқилади

Исроил полицияси Биньямин Нетаньяхуни бир неча соат сўроқ қилди

Фото: РИА «Новости»

Исроил полицияси мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяхуни бир неча соат сўроқ қилганини тасдиқлади. Нетаньяхуга нисбатан унинг истеъфосига олиб келиши мумкин бўлган иккита тергов олиб борилмоқда.

Нетаньяху ишбилармонлардан қимматбаҳо совғалар олишда ва Исроилдаги энг йирик нашриёт уйларидан бири “Едиот Ахронот” эгаси билан ҳукуматнинг фаолиятини яхши томондан ёритиш бўйича келишишга уринишда гумонлонмоқда. Нетаньяху нашриёт уйи эгасига бу “хизмати” эвазига нашриёт уйининг асосий рақобатчиси “Исраэль ха-Йом” бепул газетаси имкониятларини чекловчи қонунни қабул қилишга ваъда берган. 

“Биз, бош вазир бугун (9 ноябрда) “Лахав-433” олиб бораётган терговлар доирасида бир неча соат давомида Ал-Қудсдаги қароргоҳида сўроқ қилинганини тасдиқлаймиз”, деб айтилган полиция баёнотида. “Лахав-433” бўлими ўта оғир жиноятлар ва коррупция ишларини тергов қилиш билан шуғулланади.

Нетаньяху ушбу ишлар бўйича умумий ҳисобда 5 марта сўроқ қилинган. Унинг терговчилар билан аввалги учрашуви март ойида бўлиб ўтган. Ўшандан кейин полицияда гувоҳ пайдо бўлган. Бу гувоҳ бош вазир девонининг собиқ бошлиғи Ари Харо бўлиб, у ўзининг қонунга хилоф қилмишлари учун жазонинг юмшатилиши эвазига ўзида мавжуд бўлган маълумотни ошкор қилишга рози бўлган. Полиция аввалроқ ушбу ишларда коррупция, фирибгарлик ва ишончни суистеъмол қилиш аломатларини қидираётганини маълум қилган.

Нетаньяхунинг ўзи эса ҳеч қандай қонунбузарликни амалга оширмаганини ва яна кўп йиллар давомида мамлакатни бошқаришини таъкидламоқда. У мухолиф сиёсатчилар ва журналистларни полиция ва прокуратурага босим ўтказиш йўли билан тўнтарув амалга оширишда айбламоқда. Агар тергов бош вазирга айблов қўйиш билан якунланса, унда унинг истеъфога кетиши масаласи кўтарилади.  

Мавзуга оид