Жамият | 15:50 / 10.11.2017
17322
2 дақиқада ўқилади

Қизларни хорижга олиб чиқиш билан шуғулланган жиноий гуруҳлар фаолияти тўхтатилди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бошқармаси ёш қизларни жинсий эксплуатация қилиш учун Тайланднинг Бангкок шаҳрига олиб чиқиш билан шуғулланган ўзбекистонликлар Л.Сафаева ҳамда Н.Усмоноваларнинг фаолиятига чек қўйди. Улар қизларни Тошкент-Киев-Бангкок йўналиши орқали Тайландга етказган, дея маълум қилди МХХ расмий вакили Лола Йўлчибоева матбуот брифингида. 

Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий схемани фош этган. Ўзбекистондан учган қизларни Киевда украиналик Ю.З. кутиб олган ва Киев шаҳри аэропортининг чегара хизматида ишлайдиган турмуш ўртоғининг ёрдамида ўзбек қизларини Тайландга учишини таъминлаган. 

МХХ томонидан амалга оширилган тезкор тадбир натижасида Л.С. ва Н.У.га нисбатан ЖКнинг 135-моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, улар суд ҳукми билан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

МХХ Хоразм вилояти бошқармаси ҳам вилоят қизларини БААга жўнатиш билан шуғулланиб келган йирик уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам беришга эришган. Хусусан, БААда мажбурий ишлатиш учун ёш қизларни излаш, ёллаш ва Хоразмдан олиб чиқиш билан Аманова И. шуғулланган. Шунингдек, унинг вилоятдаги жиноий шериклари Атажанов К. ва Ражабов Ш. ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.

Қизлар чалғитувчи йўналиш, яъни Ўзбекистон-Россия-БАА йўлаги орқали юбориш вазифасини Раҳимов У. бажарган бўлса, қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қўриқлаш ишини Атамуратов Э. зиммасига юкланган. БААнинг Дубай шаҳрига етиб келган қизларни хоразмлик Алламова О. ва қашқадарёлик Шабиева Д.лар кутиб олган.

Тезкор тадбирлар давомида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 1995-97 йилларда туғилган қизларни Россия орқали Дубайга жўнатиш мақсадида Қозоғистонга олиб чиқишга уриниш вақтида қўлга олинган. Айни вақтда уларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган, деди Лола Йўлчибоева. 

Мавзуга оид