Ўзбекистон | 21:30 / 14.11.2017
146551
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 15 ноябрдан бензин нархи ошмоқда

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Бош вазир Абдулла Арипов томонидан 2017 йил 14 ноябрь куни имзоланган Вазирлар Маҳкамасининг 913-сонли «Ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори тарқаб кетди.

KUN.UZ’нинг бир неча манбалардан суриштирувига кўра, ушбу қарорнинг ҳақиқийлиги тасдиқланди.

Қарор матнига кўра, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386 сонли «Ёқилғи-энергетика ресурслари ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш соҳасида рақобатбардошлик муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчилик ва ўғирлик билан боғлиқ шароитларга барҳам бериш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш тўғрисида»ги қарорини амалга ошириш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларига жаҳон бозоридаги нархларнинг ошиб бораётганлиги юзасидан қабул қилинган.

Қарорга кўра, автобензин ва дизел ёқилғиси истеъмоли учун солиқларни ҳисобга олиб, 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб қуйидагича чакана нархлар ўрнатилмоқда:

Аи-80 маркали автобензин учун — 1 литрига 3800 сўм;

Аи-91 маркали автобензин учун — 1 литрига 4300 сўм;

Дизел ёқилғиси — 1 литрига 4100 сўм;

ЭКО дизель ёқилғиси учун — 1 литрига 4200 сўм;

ҚҚС билан ҳисобга олинган ҳолда улгуржи нархлар:

Авиакеросин — 1 тоннасига 4.450 минг сўм;

Йўл битуми — 1 тоннасига 2.300 минг сўм;

Ёнилғи мазути — 1 тоннасига 2.400 минг сўм;

Мотор мойи — 1 тоннасига 4.800 минг сўм;

Саноат мойлари — 1 тоннасига 3.400 минг сўм;

Қарорга кўра, Европа сифати ва стандартларига мос келувчи, импорт қилиш орқали олиб кириладиган ва импорт хомашёни қайта ишлаш натижасида олинадиган Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 маркали автобензинлар ҳамда дизел ёқилғиси, шунингдек, авиацион ёқилғи Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати тузиладиган қуйиш шохобчалари ва аэропортлардаги пунктлар орқали тижорат нархларида сотилади.

KUN.UZ мухбирининг пойтахт кўчаларидан хабар беришича, бензин нархи ошишини эшитган ҳайдовчилар АЁҚШлар олдидан узундан узун навбат ҳосил қилишган.

Тошкентда бензин ваҳимаси. Шаҳардаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар

Эслатиб ўтамиз, «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ ёқилғи нархларининг ошиши борасидаги сўнгги хабарларга асоссиз, деб баҳо берган эди. Шунингдек, ушбу ташкилот аввал ҳам бир неча бор бензин таъминоти борасида тақчиллик ва узилишлар юзага келаётгани ҳақидаги хабарларни бўҳтон дея баҳолаб, хавотирланмасликка чақирган. Вазият эса бирор марта ўнгланмаган. Шунингдек, пойтахтда бензин тақчиллигини вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетаётгани билан тушунтирган эди.

Мавзуга оид