Зангиоталик ёлғон босқинчиликни саҳналаштирди
Зангиота туманида яшовчи уй бекаси И.А. 2017 йил 20 ноябрь куни соат 12:30 ларда туман ИИБга мурожаат қилиб, унинг уйида ўғирлик содир этилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2 нафар номаълум шахс уйда якка ўзи бўлганлиги ва эшиги очиқлигидан фойдаланиб, юзларига қора рангли ниқоб кийган ҳолда эркин йўл билан кириб, қора рангли қўлқоп кийган ҳолда пичоқ билан қуролланиб, уни уришган. Тан жарохати етказгач, қўл-оёқларини арқон билан боғлаб, оғзига скотч ёпиштириб, ётоқхонасидаги шкаф ичидан умумий нархи тахминан 3.200.000 сўм бўлган 1 жуфт аёллар тилла зираги, 1 дона аёллар тилла никоҳ узуги ва 1 дона оқ тошли аёллар тилла узугини олиб, воқеа жойидан яширинганларини хабар берган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан ЎзР ЖКнинг 164-моддаси, 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида И.А. турмуш ўртоғи тўй қилиш учун қарз олганлиги сабабли уйида хеч ким йўқлигидан фойдаланиб, омборхонасидан скотч олиб чиқиб, парда шнури билан оёқларини боғлаганлиги, қўлларини USB кабели билан боғлаб, оғзига скотч ёпиштиргани аниқланган. Зангиота туманида яшовчи, қариндоши И.Н. хабар олиш учун И.А.ни уйига чиққанда унинг аҳволини кўрган ва қўлларини ечиб, нима бўлганини сўраганида юзларига ниқоб кийган 2 номаълум шахс уйига бостириб кириб, оёқ-қўлларини боғлагани, юқорида кўрсатилган тилла-тақинчоқларини олиб кетганлигини айтган. Шундан сўнг улар туман ИИБга мурожаат қилишган.
Аслида эса, И.А. юқоридаги босқинчилик ҳолатини ўзи ўйлаб топган бўлиб, тилла-тақинчоқларини сотиб, турмуш ўртоғининг қарзини тўлаш учун бермоқчи бўлган ва ётоқхонасидаги юмшоқ ўйинчоқни йиртиб, ичига тилла-тақинчоқларини яшириб қўйган. Тергов жараёнида И.А. ёлғон кўрсатма берганлигидан афсусдалигини маълум қилган.
Ҳозирда фуқаро И.А. ёлғон хабар берганлиги учун ЖКнинг 237-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш масаласи бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.