Ўзбекистон | 19:00 / 28.11.2017
28577
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат таркибида яна бир комплекс ташкил этилди

Ўзбекистон Президентининг 27 ноябрь кунги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўзгаришлар киритилди. Унга кўра, ҳукумат таркибида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний маданият ва спорт масалалари комплекси ҳам ташкил этилган. Бу комплекс шу вақтгача бош вазир тасарруфида бўлган Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳамда Маданият, санъат ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти ўрнида юзага келди.

Эндиликда бу икки комплекс раҳбарлари ҳам бош вазир ўринбосарлари ҳисобланишади. Шу тариқа, бош вазир ўринбосарлари сони 8 нафарга етди.

Kun.uz манбаси берган хабарга кўра, Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний маданият ва спорт масалалари комплексига Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Қаҳрамон Акмалов раҳбар этиб тайинланди.

Бундан аввалроқ янги ташкил этилган Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари бўйича комплексга Миллий банкнинг эндиликда собиқ раҳбари Сухроб Холмурадов раҳбар бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид