Спорт | 19:20 / 30.11.2017
11323
3 дақиқада ўқилади

Истанбулда кураш буйича жаҳон чемпионати бошланмоқда

Бугун, 30 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасидаги 11-жаҳон чемпионати доирасидаги тадбирлар дастури бошланди. Ўзбек миллий спорт тури бўйича жаҳон чемпионати 30 ноябрдан 4 декабрга қадар давом этади. Баҳслар «Суёвушпошшо» мажмуасида ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон кураш федерацияси матбуот хизмати «Kun.uz»га маълум қилди.

Чемпионат Халқаро Кураш Ассоциацияси ташаббуси билан Туркия кураш федерацияси ва Истанбулнинг Баҳчелеэвлер муниципалитети томонидан ташкил этилган.

Бугун Pullman Convention Center Istanbul меҳмонхонасида Туркия ва хориж давлатларининг оммавий ахборот воситалари  ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон (Кувайт), Баҳчелеэвлер муниципалитети мэри ва жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси раиси ҳамда Туркия кураш федерацияси президенти Юсуф Йилдирим иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Жумладан, Халқаро кураш ассоциацияси президенти жаноб Ҳайдар Фармон бу сафарги жаҳон чемпионати курашнинг халқаро ареналарда ривожланишини янги босқичга кўтаришини таъкидлаган бўлса, Баҳчелеэвлер муниципалитети мэри Юсуф Йилдирим ташкилий қўмита томонидан чемпионатнинг юқори савияда ўтиши учун барча зарурий ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Жаҳон чемпионатида Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъасидаги 50га яқин давлатдан иштирокчилар бўлиши кутилмоқда.

Мусобақалар 2-3 декабрь кунлари 15 та вазн тоифасида (эркаклар 60, 66, 73, 81, 90, 100 ва ундан юқори; аёллар  48, 52, 57, 63, 70, 78, 87 ва 87 килограммдан юқори вазн тоифасида) бўлиб ўтади. Мусобақада иштирокчи давлатлар ҳар бир вазн тоифасидан икки нафардан курашчини рўйхатдан ўтказишга ҳақлидир.

1 декабрь куни кураш бўйича жаҳон чемпионати доирасида миллий Кураш федерацияларининг раҳбарлари иштирокида, XVII Халқаро Кураш ассоциацияси конгрессини ўтказиш белгиланган. Конгресс давомида чемпионатлар тақвими, 2018 йилга мўлжалланган турнир ва семинарлар ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилади.

Мавзуга оид