Жаҳон | 01:16 / 01.12.2017
13896
3 дақиқада ўқилади

Ливан президенти АҚШни “Ал-Қоида”нинг пайдо бўлишида айблади

Фото: AP Photo / Hussein Malla

АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг собиқ иттифоқ қўшинларининг Афғонистонга бостириб киришидан кейинги хатти-ҳаракатлари 2001 йил 11 сентябрдаги теракт билан ўз “яратувчиси”ни нишонга олган “Ал-Қоида”нинг пайдо бўлишига олиб келган. Бундай фикрни Ливан президенти Мишель Аун Римда ўтаётган “Ўрта ер денгизи мулоқотлари” форумида билдириб ўтди.  

“Собиқ иттифоқ 1979 йилда Афғонистонга бостириб кирганда, АҚШ ҳамда бир қатор араб ва мусулмон давлатлари коммунизм ва атеизмга қарши курашда ёрдам беради деган фикрда ислом негизида советларга қарши ҳаракатни қўллаб-қувватлай бошлашган. Америкаликлар эса ислом коммунизмга қарши чиқишига қарамасдан, ғарбий мафкура эмаслиги ва ўзига хосликка эгалигини тушунмаганлар”, деб айтган Ливан президенти.      

“Вақти келиб афғон жиҳодчилари жиҳод тушунчасини бузиб, бутун дунёдан ўз сафига ёш мусулмонларни жалб қилган ва шу тариқа “Ал-Қоида”ни вужудга келтирган. “Ал-Қоида” эса 11 сентябрда ҳужум қилди, яъни террор машинаси ўз яратувчисига қарши борди”, деб таъкидлаб ўтган Аун.   

Ауннинг айтишича, АҚШ ўз навбатида “Ал-Қоида”ни йўқ қилишни бошлаган, бу эса ўзига хос силсилага олиб келган.

“Ироқдаги урушга айланиб кетган Афғонистондаги янги уруш ўз ортидан ўлимлар, вайронгарчиликлар ва нафрат қолдирган. “Ал-Қоида”га доимий босим унинг барбод бўлишига ҳамда янги диний оқимлар ва янги террорчилик ташкилотларининг кўпайишига олиб келди”, деб айтган Аун.

Ливан президентининг айтишича, ҳозирда террорчилик хавфи кўпроқ “уйқудаги бўлимлар” ва якка жангарилардан таралмоқда.

“Биз қатъий ва таъсирчан ечим топишимиз керак. Агар вазият талаб қилса, ҳаттоки ҳарбий ечимга ҳам йўл қўйилади”, деб ўз сўзларини интиҳолаган Аун.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид