Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси очилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 1 декабрь куни "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сонли фармонни имзолади. Бу ҳақида Президент матбуот хизматида хабар берилди.
Унда аҳоли билан ўтказилган очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот якунлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик бўйича амалий чоралар кўриш ҳақидаги таклифлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳисобланади:
- ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;
- тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини, шу жумладан диагностика, даволаш ва реабилитациянинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда юқори технологияли ихтисослашган тиббий ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали ошириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишнинг самарали механизмларини яратиш, ногиронликнинг белгилари пайдо бўлган вақтдан бошлаб уларни кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволини таъсирчан мониторинг қилиш, уларнинг турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолаш, индивидуал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ягона комплекс тизимини жорий этиш;
- тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар ўсишининг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ва олдини олишни ҳам назарда тутувчи профилактика тадбирларини кенгайтириш бўйича скрининг текширувларининг самарадорлигини кўтариш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий мухофазасини кучайтириш, уларнинг уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ва моддий ёрдамни кенгайтириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шу жумладан сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш;
- ногиронликни белгилаш ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тартиб-таомиллардан ўтишни соддалаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида давлат-хусусий ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш;
- тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйларида васийликка олинганларнинг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, уларнинг реабилитацияси ва ижтимоийлашуви самарадорлигини ошириш;
- протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни, шу жумладан чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб этган ҳолда модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий стандартларини жорий қилиш;
- замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг илғор ютуқлари, диагностика, даволаш ва реабилитациянинг сифат стандартлари асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соғломлаштириш хусусиятидаги чора-тадбирларни яхшилаш, соғлом ва фаол турмуш тарзини олиб бориш маданиятини тарғиб қилиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги, шу жумладан ногиронликни белгилашнинг самарали мезонларини кўллашга қаратилган илмий тадқиқотларни фаоллаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни таъминлаш чораларини кўриш вазифаси топширилди:
- ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан катта ёшдагиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бўйича ушбу соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус курсларни ташкил этиш;
- тегишли материалларни нашр қилишни рағбатлантириш, муҳим соҳаларда аудиокитоблар яратиш ва уларни жорий этишни назарда тутган ҳолда имо-ишора тили ва Брайл алифбосини қўллаш имкониятларини кенгайтириш;
- кўриш аъзолари заиф шахсларга овоз эшиттириш имконини яратиш мақсадида турли хилдаги дастурий таъминотларга давлат тилида махсус дастурлар, шу жумладан компьютер операцион тизимлари яратиш, уларни ушбу шахслар ўқиётган ва ишлаётган таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларда кейинчалик эркин тарқатиш, ўрнатиш, шунингдек, мазкур дастурларни яратиш учун салоҳиятли ҳомийлар топиш;
- давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун жойлаштирилган маълумотлар билан эркин танишиш ва хизматлардан фойдаланишга оид қўшимча имкониятлар жорий этиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирларни кўриш.
2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланиши белгилаб қўйилди.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилиши қайд этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 апрелига қадар олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни квота асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобидан ишга ёлланган ҳар бир ишчи учун - бир ойда энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли идораларнинг фаолиятини қуйидагиларга қаратилган таклифлар тайёрлаш билан бирга қайта кўриб чиқишни таъминлайди:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилишга, шу жумладан уларни тўлиқ ва комплекс кузатган ҳолда кўрсатилаётган хизматларни мувофиқлаштиришга масъул бўлган ихтисослаштирилган идора ташкил этиш;
- ихтисослаштирилган идора негизида ногиронликни белгилашни тўлиқ қамраб олувчи ягона тизимни ташкил этиш;
- тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган шахсларнинг ногиронликка мувофиқлигини текшириш тартибини жорий этиш;
- амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига жавоб бермайдиган самарасиз тузилмаларни тугатиб, тегишли штат бирликларини янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган идорага ўтказиш.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам ва реабилитация сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилади.
2018 йил 1 июндан бошлаб, ногиронлиги бўлган шахслар, тайинланган пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва берилган имтиёзлар тўғрисидаги комплекс маълумотларни ўз ичига олган, шунингдек, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини амалга ошириш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестридан фойдаланиш амалиётга татбиқ этилади.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026