Жамият | 09:47 / 04.12.2017
25753
2 дақиқада ўқилади

Бемордан жарроҳлик амалиёти учун 4 млн сўм талаб қилган шифокор қўлга олинди

Фото: Greece.greekreporter

Қашқадарё вилояти Касби туман Юксалиш қишлоғи 8-уйда яшовчи, 1990 йилда туғилган Э.Т. соғлиғини тиклаш учун Бухоро вилоятидаги Онкология диспансерига мурожаат қилади, деб хабар бермоқда KUN.UZ’га Бухоро вилояти ИИБ. 

Унга шифокорлар томонидан жиддий ташхис қўйилгандан кейин жарроҳлик амалиёти орқали касалликни бартараф этиш мумкинлиги тушунтирилади. Ўзини қийнаётган дарддан фориғ бўлиш умиди уйғонган Э.Т. жарроҳлик амалиётига рози бўлганда, шифохонада жарроҳ сифатида фаолият юритаётган У.М. ундан жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 4 миллион сўм пулни талаб қилади. 
   
Тамагир шифокорнинг ушбу талабидан норози бўлган Э.Т. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, нафси ҳакалак отган шифокорга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.   
     
Беморнинг аризаси юзасидан ходимлар томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида, Олимхўжаев кўчаси 1-уйда яшовчи, 1975 йилда туғилган, Бухоро вилоят Онкология диспансери врачи У.М. Бухоро вилоят Онкология диспансерида даволанаётган Э.Т.нинг даволаш жараёнида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 4 млн сўм пул талаб қилиб, хизмат хонасида 1.000.000 сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далил билан бирга жиноят устида қўлга олинади.

Мазкур ҳолат юзасидан У.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 214-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид