АҚШ Исроилдаги элчихонасини нега Ал-Қудс шаҳрига ўзгартирмоқчи ва унинг қиймати қанча?
АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат элчихонасини Тел-Авивдан Ал-Қудс шаҳрига ўтказиши билан яна бир бор жаҳон сиёсати муҳокама марказида қолмоқда. Гап шундаки, Фаластин автономияси ва Исроил ҳукумати ўртасидаги низоли ҳудуд сифатида тан олинган шаҳар шу кунгача йирик сиёсий кучлар томонидан Исроил пойтахти, деб эътироф этилмаган.
Аслида мамлакат маркази мақомини англатувчи бир нечта омиллар мавжуд бўлиб, улардан маъмурий бошқарув бинолари, хорижий элчихоналар ва шаҳарнинг ривожланганлик даражаси шундай сифатларни ўзида мужассам этади.
Айни пайтда жаҳон ҳамжамияти томонидан Исроил пойтахти сифатида кўрилаётган Тел-Авив шаҳрида 86 та хорижий элчихоналар фаолият юритмоқда. Ҳаттоки, элчихонасини Ал-Қудс шаҳрида очган Коста-Рика ва Сальвадор давлатлари ҳам 2006 йил август ойида қароргоҳини Тел-Авивга ўзгартирган.
Эндиликда АҚШ Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида кўриб, ўз элчихонасини айнан шу шаҳарга кўчиришни мақсад қилмоқда. Бундай ҳолатга нафақат мамлакат ичида, балки НАТО бўйича иттифоқчи Буюк Британия, Франция, Германия ҳам салбий муносабат билдирмоқда.
Туркия эса иккитомонлама иқтисодий муносабатлар ривожи учун қабул қилинган давлат дастурини тўхтатиш, Исроил ҳукумати билан расмий алоқаларини узиш билан жавоб қайтаришини маълум қилди.
Араб Лигаси давлатлари тезкор навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳолат БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳам муҳокама этилиши мумкин. Табиий савол пайдо бўлади: шунча ғалва америкаликларга нега керак ва унинг баҳоси қанча?
Иккинчи Жаҳон уруши якунлангач, яъни 1947 йил БМТ томонидан қабул қилинган резолюцияга кўра, Исроил ва Фаластин давлатлари пайдо бўлиши, шунингдек, Ал-Қудс шаҳри қадимий маданият ва динлараро марказ бўлгани туфайли халқаро жамоатчилик назоратига топширилиши белгиланганди. Аммо араблар бу шартга кўнмай, ушбу резолюция ноҳақликни мадҳ этишда кўмак беришини таъкидлайди.
Араб-Исроил тўқнашувлари турли сабаб ва баҳоналар билан ривожланиб борган, 1967 йили юз берган «Олти кунлик уруш»да эса Исроил ҳукумати Шарқий Ал-Қудс (ёки Қуддус)ни эгаллаб олади. Жаҳон ҳамжамияти ушбу ҳаракатни ўзганинг ерини босиб олиш, деб билиб, тезкорлик билан шаҳардан ҳарбийларни олиб чиқилиши талаб қилинади. Шу даврдан буён, ЕИ, АҚШ, Россия ва БМТ иштирокидаги тўртлик контакт гуруҳи инсоният тарихида энг узоқ чўзилиб келаётган маслаҳатлашувни олиб бормоқда.
Исроил ва АҚШ муносабатларини яхши англаш учун тарихий бир нечта ҳодисаларга эътибор қаратиш лозим.
Исроил давлати тузилган чоғда, АҚШда унинг мустақиллигини тан олиш масаласида икки хил фикрловчилар пайдо бўлди. Биринчи гуруҳга Давлат котиби Жорж Маршалл етакчилигидаги мамлакат ташқи сиёсати ҳақида қайғураётганлар тўпланганди. Уларнинг фикрича, Исроил мустақиллигини тан олиш АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасида араб стратегик шериклари билан алоқаларни ёмонлашиб қолишига олиб келади. Қолаверса, улар нефть захираси ва геосиёсий кучга эга эди. Иккинчи гуруҳга Давлат маслаҳатчиси, сиёсий технолог Кларк Клиффорд бошчилик қиларди. Бу кишиларни ташқи сиёсат, умуман халқаро муносабатлардаги аҳвол қизиқтирмай, асосий масала президент Ҳарри Труменни иккинчи муддатга сайланишига эришиш бўлган.
Сайловолди кампаниясида шуниси маълум бўлдики, аҳолисининг асосий қисми яҳудийлардан ташкил топган Нью-Йорк округида қўлга киритилган натижа ҳаммасини ҳал қилиши мумкин. Айнан шу пайтда, ишбилармон Эдди Жекобсон маслаҳатчи Клиффорд билан учрашиб, Исроил мустақиллиги тан олинса, Труменнинг ғалабаси Нью-Йорк округида ҳам кафолатланишини маълум қилади.
Сиёсий технолог сўзларига қулоқ тутган президент Ҳарри Трумен иккинчи муддатга сайлангач, Давлат котиби тузган режа бўйича иш тутди: махсус қарор орқали минтақада икки халқнинг мустақил давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлади. Шунинг билан АҚШ Яқин Шарқ минтақасидаги энг керакли иттифоқчиларни ҳам атрофидан қочириб юбормади.
Сўнгги 30 йил ичида АҚШда истиқомат қилувчи яҳудий жамоаларнинг молиявий қудрати анча миқдорга ошган. Охирги ўтказилган президентлик сайловида ҳам яҳудий миллатига мансуб ишбилармонлар, жумладан Шелдон Адельсон, Пол Сингер, Норман Браман, Стивен Коэн ва Марк Эпштейн республикачилар номзодини тўлиқ қўллаб турди. Конгресс ва президентлик учун ўтган сайловолди кампанияси учун яҳудийларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан 350 миллион АҚШ доллари сарфланган.
Молиявий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш натижасида кучли яҳудий лоббистлар гуруҳи шаклланган бўлиб, бу айни кунларда Республикачилар партияси сиёсатида ўзининг таъсирини билдирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, собиқ президент Барак Обама узоқ муддатда Эрон вакиллари билан эришган ядро дастури бўйича келишувни бекор қилиш ҳамда АҚШ элчихонасини Ал-Қудсга кўчириш Дональд Трамп олдида турган катта мажбурият ҳисобланади. Биринчи вазифани уддалашнинг имконияти деярли йўққа чиққан. Негаки, Демократлар, президент маъмуриятидаги кўпчилик ва ишбилармонлар доираси ушбу келишувни бекор бўлиши ортида АҚШ кутилмаган сиёсат кўчасига кириб қолиши яхши билади. Президент олдида ягона танлов қолмоқда: Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш керак.
Бу қарор яна бир қизиқарли ҳодиса давом этаётган пайтда қабул қилинди. Яъни, АҚШ Сенати ёпиқ эшиклар ортида президент собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинннинг кўрсатмасини эшитишга тайёргарлик кўриш чоғи ва Мюллер комиссияси тергови авжига чиққанда АҚШ Исроилга ён босмоқда. Гўёки, Россия сиёсий кучларининг АҚШда ўтказилган президентлик сайловига таъсир ўтказилгани бир йил давомида муҳокама марказида бўлиб келган. Саволларга жавоб топилмасдан, Трамп антиқа ҳаракатларни намойиш қилмоқда.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
14:54 / 22.11.2024