Жаҳон | 19:09 / 09.12.2017
22471
2 дақиқада ўқилади

АҚШ авиацияси Россия самолётларига жангариларни йўқ қилишда халақит бермоқда – Конашенков

Фото: Виталий Аньков / РИА Новости

АҚШ ҳарбий авиацияси Сурияда Россия самолётларига ИШИД жангариларини йўқ қилишда мунтазам халақит бермоқда. Бу ҳақда 9 декабрда Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили, генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

Конашенков 23 ноябрда Фрот дарёсининг ғарбий қирғоғида АҚШнинг F-22  қирувчи самолёти иштирокида содир бўлган воқеани бунга мисол тариқасида келтирди. “F-22  Россиянинг иккита Су-25 самолётига Маядиндаги ИШИДнинг таянч пунктини йўқ қилиш жанговар вазифасини бажаришга халақит қилган. F-22 ҳаво жангини имитация қилиб, чалғитиш мақсадида бетўхтов манёвр қилган ҳолда иссиқлик қопқонлари ва тормоз қалқончаларини чиқарган”, деб айтди Конашенков.

Унинг айтишича, АҚШ ҳарбий самолёти Россиянинг Су-35С самолёти пайдо бўлгандан кейин “хавфли манёврларни тўхтатиб, Ироқ ҳаво ҳудуди томон учиб кетган”. “АҚШ Сурия осмонидаги бу ва бошқа воқеалар бўйича Ҳмаймим базасидаги Россия қўмондонлиги сўровларига жавоб бермаган”, деб қўшимча қилди Россия вакили.

Ноябрда Россия мудофаа вазирлиги АҚШни Россия ҳарбий-коинот кучлари операцияларига тўсқинлик қилишда айблаган. Вазирликда маълум қилинишича, АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари Россия авиациясига Абу-Камол шаҳрида ИШИД позицияларига зарбалар беришда халақит қилишга уринган.   

Конашенков Пентагон вакилларининг гўёки Россия самолётлари АҚШ самолётларига хавфли масофага яқинлашгани ҳақидаги айбловларига шу тариқа жавоб қайтарди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ бошчилигидаги коалиция авиацияси Россияникидан фарқли ўлароқ, Сурияда ноқонуний ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Конашенков АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги вакилларига “эътиборларини ҳавода турли кўнгилсизликлар яратишга эмас, балки Ироқда жангариларни йўқ қилишга қаратишларини” тавсия қилди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид