Жаҳон | 20:02 / 09.12.2017
49207
3 дақиқада ўқилади

Очликдан ўлаётган айиқ видеоси фойдаланувчиларни жунбишга келтирди 

Фото: Getty Images

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Канаданинг Баффин ери оролида очлик сабабли ҳолдан тойган оқ айиқ видеосини фаол муҳокама қилмоқдалар.

Айиқ Sea Legacy табиатни қўриқлаш ташкилоти вакиллари томондан аниқланган. Видеода айиқ жуда ориқлаб кетгани ва зўрға ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. У чиқинди бакида егулик тополмай, ҳолсизликдан ерга қулайди.

“Биз бу ҳолатдан йиғлардик”, деб эсламоқда воқеани роликни Instagram’да жойлаштирган фотосуратчи Пол Никлен.

У видеога изоҳда айиқ суратга олингандан бир неча кун ёки ҳаттоки соатлардан кейин аниқ ўлганини таъкидлаб ўтган. Никлен, шунингдек, унинг гуруҳи айиқни қутқара олмаганини айтиб ўтган. 

“Мен юракни эзадиган бу ҳолатни ҳанузгача эсдан чиқара олмаяпман. Бироқ шуни биламанки, биз бефарқлик деворини барбод қилиш учун ҳам гўзал, ҳам қайғули нарсалар билан бўлишишимиз керак”, деб ёзган Никлен.

Никленнинг айтишича, айиқнинг оч қолишига глобал исиш оқибатлари сабаб бўлган. Охирги йилларда Арктиканинг бу қисмида қиш қисқариб, денгиз музлари одатдагидан вақтлироқ эримоқда. Шу сабабли айиқлар денгиз мушуклари ва моржларга ов қилолмай қолганлар ва қишки уйқудан ўта олиш учун етарлича егулик тўплай олмаяптилар.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам бу ҳолат юзасидан фикрларини билдирганлар.

“Юрак-бағирни эзади. Бизга аччиқ ҳақиқатни кўрсатганингиз учун раҳмат”, деб ёзган nico_maur.

“Сиз буни фарзандларингизга кўрсатишингиз керак, улар дунёда аслида нималар рўй бераётганини кўрсалар, балки бу уларни ўзгаришларга чорлашга илҳомлантирар?”, деб ёзган jonathandoylemedia.

“Буни кўриш ниҳоятда оғир! Юракни эзади”, деб ёзган яна бир фойдаланувчи.

Бошқа бир фойдаланувчилар суратга олиш гуруҳини айиқнинг бу изтиробларини тугатишга ҳаракат қилиб кўрмагани учун койишган.

 

A post shared by Paul Nicklen (@paulnicklen) on

Мавзуга оид