Жамият | 11:00 / 10.12.2017
67622
3 дақиқада ўқилади

10 ой бедарак йўқолган фуқаронинг жасади топилди – қотил хотинининг ўйнаши бўлиб чиқди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар прокуратурасининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан пойтахтда содир этилган яна бир ўта оғир жиноят фош этилди. Маълум бўлишича, 2017 йил январида бедарак йўқолган кўз шифокори Т.Ю., рафиқасининг “ўйнаши” томонидан ўлдирилиб, кўмиб юборилгани аниқланган. Мазкур иш юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов KUN.UZ сўрови бўйича қуйидагиларни маълум қилди. 

“Тошкент шаҳар прокуратураси 2017 йил 16 июнь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани прокуратураси томонидан ЎзР ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми “в” банди, яъни “одам ўғирлаш” аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. 

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси иш юритувида бўлган мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари мобайнида гумон қилинувчилар 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган  С.Т., таниши 1995 йилда РФда туғилган, муқаддам судланмаган М.Т. билан ўзаро жиноий тил бириктирган. У ўзи билан ишқий муносабатда бўлиб келаётган Ш.Ю.нинг турмуш ўртоғи, 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Т.Ю.ни қасддан ўлдириш мақсадида 2017 йил 11 январь куни ўзаро гаплашиб олиш баҳонасида ўзи томонидан ижарага олинган Миробод туманидаги хонадонга чақириб, Т.Ю.ни бўғиб ўлдирган. 

Сўнгра жиноий изларни яшириш мақсадида танишининг “Газель” русумли автомашинасига ортиб, Бектемир тумани Чирчиқбўйи кўчасидаги “Полимер” заводи қаршисидан ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғига кўмиб келгани аниқланган. 

Ушбу ҳолат юзасидан 2017 йил 6 декабрь куни мазкур жиноий иши 137-моддаси 2-қисми “в” бандидан 97-моддаси 2-қисми “б” бандига қайта малакаланган. Юқоридаги гумонланувчилар қўлга олиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни вақтда, марҳумнинг рафиқаси ушбу ишга алоқадорлиги ёки йўқлиги ҳам текширилмоқда”, - деди Бобир Деҳқонов. 

Шу ўринда Тошкент шаҳар ИИББнинг шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда мазкур жиноятни очишдаги кенг қамровли фаолиятини таъкидлаш жоиз. 

“Бу ишни очишда жуда катта, кенг қамровли, амалий, оператив суриштирув ишлари амалга оширилди. Биз сўнгги дамгача Т.Ю. тирик деган умидда эдик, афсуски ундай бўлмади”, - дея ўз фикрини билдириб ўтди брифингда иштирок этган ШИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид