19:20 / 10.12.2017
38929

Автомобилдан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда - обуна бўлиш, каршеринг ва ижара

Энг йирик автомобиль компаниялари ўз мижозларига машина хариди ўрнига унга обуна бўлиш хизматини таклиф қила бошлашди. Бу дегани - сиз транспорт учун мулк сифатида эмас, хизмат сифатида пул тўлайсиз. Россиянинг йирик IT-гиганти ҳисобланган «Яндекс» эса каршерингга қўшилмоқчи. «Медуза» бу схемалар қандай ишлаши ва уларнинг шахсий автомобилдан фойдаланишдан нимаси билан фарқ қилиши ҳақидаги мақоласини тақдим этди.

 

Ҳамма машинага эга бўлгиси келади

Жамоатчилик транспорти қанча қулай бўлмасин, йирик шаҳарлар кўчаларидаги тирбандликлар қанчалик кўпаймасин, автомобиллар сотувлари тўхтовсиз равишда ошишда давом этмоқда. 1990-йилларда йилига ўртача 40 миллион автомобиль сотилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 80 миллиондан ошиб кетди.

 

Бироқ машинага эгалик қилиш қимматга тушади

Автомобиль харажатлари — бу нафақат тезликни ошириш ва ножоиз жойларда тўхташ учун бензин ва жарималар. Барча учун мажбурий солиқлар ва суғурталар ҳам бор. Шу билан бирга, машинани вақти-вақти билан техник текширувдан ўтказиб туриш керак. Энг бюджет моделлар (Hyundai Solaris ёки  Lada Granta) учун илк уч йилдаги харажатлар — бу янги машина нархининг ярми.

 

Энди машинага обуна бўлиш мумкин

Автомобиль ишлаб чиқарувчилар орасида биринчи бўлиб 2017 йилнинг январида Cadillac компанияси шундай хизмат турини тақдим эта бошлади. Ойига 1800 доллар тўлаб, ҳайдовчи керакли жойга етказувчи энг сўнгги моделдаги автомобиллардан бирини чақиртириш мумкин. Фақат бензин учун пул тўлаш керак бўлади, зеро қолган барча тўловлар ижара нархи ичига киритилган. Cadillac ўзининг илк сервисини Нью-Йоркда ишга туширганди, бугунга келиб, Лос-Анжелес ва Далласда ҳам ушбу хизмат туридан фойдаланиш мумкин.

 

Октябрь ойида Porsche ҳам шунга ўхшаш премиум сервисни ишга туширди. У ерда обуна нархи 2000 доллардан бошланади. Хизматлар фақат Атлантада кўрсатилади, бироқ у ернинг афзаллиги - тўрт моделдан бирини танлаб, уни ҳатто бир кун давомида ҳам алмаштириш имкони мавжудлигида. Сервисга "Ҳашаматли автомобиллар учун Нефтликс" номи берилди.

 

Автомобилларга "обуна" бўлишнинг бюджет муқобиллари Huyndai (ойига 275 доллардан), Ford (ойига 500 доллардан) ва Volvo (ойига 600 доллардан) компаниялари томонидан таклиф этилди.

 

Обуна — бу ижара ҳам, лизинг ҳам эмас

Юқорида қайд этилган сервислардан фақат Volvo'гина машинадан фойдаланиб бўлингандан кейин уни харид қилиш имконини (лизинг каби) беради. Боз устига, стандарт ижара одатда машинадан фойдаланиш давомида уни бошқасига алмаштириш имконини бермайди - обунада эса бундай имконият бор, сизга ҳатто янги автомобилни келтириб ҳам беришади. Шуниси аниқки, на ижара ва на лизинг фойдаланилмаган километрлар учун йиғилмаларни кейинги ойга ўтказиб бермайди.

 

Бундан ташқари, ижара бозори ҳам ўсмоқда. АҚШда ижара машиналари парки нархи 2 миллион автодан ошиб кетган, Европада эса йилига мингдан зиёд машина ижараси билан шуғулланувчи янги компаниялар очилмоқда. Дунё миқёсидаги ўртача ижара нархи бир неча йил давомида барқарор кўриниш олмоқда - у кунига 70 доллардан ошмайди.

 

Таҳлилчилар тез орада коллектив фойдаланилувчи машиналар фойдаланиш вақтига кўра шахсий транспортлардан ошиб кетишини тахмин қилишмоқда.

 

Каршеринг нима?

Каршеринг (инглиз тилидаги carsharing сўзидан олинган) — автомобилнинг дақиқа ёки соат ҳисобида тўлов киритилувчи қисқа муддатли ижара шакли. Каршеринг автомобилни хизмат кўрсатиш пунктларидан бирида қолдириш имконини тақдим этади. Куни кеча Россиянинг йирик IT-гиганти ҳисобланган «Яндекс» эса каршерингга қўшилмоқчи эканини маълум қилди. 2018 йилнинг февралида «Яндекс» Москвада «Яндекс.Драйв» номли каршеринг сервисини ишга туширади. Автопарк Renault Kaptur, Kia Rio ва Kia Rio X-Line машиналаридан ташкил топади.

 

 

 

 

Top