Жаҳон | 20:21 / 11.12.2017
8224
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи элчихоналарини Ал-Қудсга кўчирмоқчи эмас

Фото: Virginia Mayo / AP

Европа Иттифоқи Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олишдан бош тортмоқда ва барча исроилликларни 1967 йилдан бошлаб эгаллаган барча ҳудудлардан кетишга чақирмоқда. Бу орада Исроил бош вазири Европа Иттифоқи элчихоналари Ал-Қудсга кўчирилишига ишончи комиллигини, чунки бу “тарихий факт”лигини айтган.

Европа ҳозирча Вашингтон ортидан бориб, Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиб, у ерга дипломатик миссияларини кўчирмоқчи эмас. Аксинча, Брюссель ҳамон минтақада иккита – яҳудий ва араб давлати ташкил этилиши ғоясига содиқ қолмоқда. Бу ҳақда 11 декабрда Европа ташқи алоқалар хизмати раҳбари Федерика Могерини Исроил бош вазири билан учрашувда айтиб ўтди. 

“Биз Исроил ва Фаластин ўртасидаги ихтилофнинг ягона реал ечими пойтахтлари Ал-Қудсда бўлган иккита давлат ташкил этилишига асосланган, деб ҳисоблаймиз”, деб айтган Могерини.

Могеринининг айтишича, Европа Иттифоқи Ал-Қудснинг мақоми бўйича “халқаро қарор”нигина тан олади ва тинчлик жараёнини илгари суриш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр. Шу муносабат билан Могерини 2018 йил январда Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан учрашишини эълон қилди. Аббоснинг Брюсселга ташриф буюриши мумкинлигини Исроилнинг Haaretz нашри “кутилмаган қадам” деб атаган.

Могерини бу ҳақда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашувда айтиб ўтди. Бундан бир оз олдин Нетаньяху Европа давлатларини АҚШдан ўрнак олишга чақирганди. “Мен ишонаманки, Европанинг барча ёки ақалли кўп давлатлари ўз элчихоналарини Ал-Қудсга кўчирадилар ва уни Исроил пойтахти деб тан оладилар”, деб айтган Исроил бош вазири.  

Шарқий Ал-Қудс, Иорданнинг Ғарбий қирғоғи ва Голан тепаликлари халқаро ҳамжамият томондан Исроил томондан босиб олинган ерлар деб ҳисобланади. Могерини Исроилни умум тан олинган чегараларига қайтишга чақирганда шуни айтиб ўтган.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиш қароридан кейиноқ Могерини Европа Иттифоқи номидан “ҳозиргидан ҳам қоронғироқ даврларга чўмдириши мумкин бўлган” қадамдан хавотир билдирган.

Вашингтоннинг бу қароридан кейин фаластинликлар ва мусулмонларнинг норозиликлари бошланган. 

Исроилнинг амалдаги бош вазири Брюсселга 1995 йилдан бери илк бор расмий ташриф билан келди.

 

Мавзуга оид