Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Корея АҚШдан Олимпиада вақтида ҳарбий машғулотларни ўтказмасликни сўради
Сеул Шимолий Корея томонидан иғвогар ҳаракатлар амалга оширилиши мумкинлиги учун АҚШга 2018 йилги Олимпиада ва Паралимпиада ўтказилиши вақтида биргаликдаги ҳарбий машғулотларни ўтказмасликлик илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Financial Times нашри хабар бермоқда.
Манбаларнинг маълум қилишича, Сеул АҚШ билан ўтказиладиган анъанавий баҳордаги машғулотларни Паралимпиада тугаши – 18 март кунигача ўтказмасликни истамоқда. Иккита манбанинг таъкидлашича, АҚШ бунга розилик беради.
Сеул Пхеньян томонидан иғвогар ҳаракатлар амалга оширилиши мумкинлигидан ташқари, Корея яриморолидаги вазиятнинг кескинлашиши Олимпиада ва Паралимпиада чипталари талабига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланмоқда.
Жанубий Корея мудофаа вазирлиги машғулотлар бўйича ҳали қарор қабул қилинмаганини маълум қилган. Пентагон ва АҚШ миллий хавфсизлик хизмати ушбу вазиятга изоҳ беришдан бош тортди. АҚШ қуролли кучларининг Тинч океанидаги қўмондонлиги вакили Дейв Бенхамнинг айтишича, АҚШ ва Жанубий Корея “Key Resolve ва Foal Eagle машғулотлари ўтказилиши истиқболларини муҳокама қилишни” давом эттиришади.
Нашрнинг таъкидлашича, Жанубий Корея бу таклифни мамлакат президенти Мун Чжэ Иннинг Хитойга ташрифи арафасида билдирди. Олимпиада чипталарига талабнинг пастлиги сабабларидан бири Жанубий Кореяга хитойлик сайёҳлар гуруҳлари ташриф буюришига тақиқлов ҳисобланади. Ушбу тақиқлов Сеул ўз ҳудудида жойлаштиришга рухсат берган, АҚШнинг ракеталар ҳужумига қарши мудофаа тизимлари борасидаги баҳслар сабабли март ойидан бери амал қилади.
Шу сабабли, машғулотларнинг кўчирилиши ташаббуси билдирилишининг эҳтимолий сабабларидан бири Пекин билан алоқаларни яхшилаш ва сайёҳлар учун тақиқловларнинг олинишига эришиб кўриш истаги ҳисобланади.
2017 йилда АҚШ ва Жанубий Кореянинг анъанавий Foal Eagle ва Key Resolve машғулотлари март ойи бошида бошланиб, 2 ой давом этган.
2018 йилги қишки Олимпиада Жанубий Кореянинг Пёнгчангида 9-25 февраль, Паралимпиада эса 9-18 март кунлари бўлиб ўтади.