Эркак кўп қаватли уйдаги ёнғиндан аранг қутулиб қолди (видео)
Интернетда хитойлик эркакнинг кўп қаватли уйдаги ёнғиндан қутулиб қолгани видеоси пайдо бўлди.
Эркак 28-қаватдаги хонадони деразасидан ташқарига чиқиб, пастки қаватда жойлашган хонадоннинг темир панжарасига осилиб тушган ва у ерда ўт ўчирувчилар келгунча бир неча дақиқа туришига тўғри келган.
Ҳозирда сабаби аниқлаштирилаётган ёнғин Чунцин шаҳридаги турар жой биноларининг бирида юз берган. Ёнғин уйнинг 31-қаватидаги хонадонлардан бирида бошланган.
Воқеа жойига 11 та ўт ўчириш бригадаси келган. Ёнғинни ярим соат ичида ўчиришга муваффақ бўлинган. Ёнғин оқибатида қурбонлар бўлмаган.
Қўшни уйдан олинган видеода эркак панжарага осилганча, қўшниси уйининг ойнасини оёғи билан тепиб синдиришга ҳаракат қилаётгани тасвирланган. Бу орада унинг устига юқоридан ёнаётган бўлаклар туша бошлаган. Бироқ ҳаммаси бахтли якун топиб, ёрдамга етиб келган ўт ўчирувчилар уни хонадон ичига тортиб олишган.