Ўзбекистон | 17:50 / 13.12.2017
36352
3 дақиқада ўқилади

Кимлар Кореяда ишлашга доир тест синовларига киритилмайди?

Фото: KUN.UZ

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 13 декабрь куни ўтказилган Кореяда меҳнат фаолияти билан шуғулланишни истовчи ўзбекистонликларни рўйхатга олиш ва уларни тест синовидан ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида 1х2018 EPS-TOPIK тест синовларининг янги тартиб қоидаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда иштирок этган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Янги тартиб-қоидаларга кўра, Корея бандлик ва меҳнат вазирлиги (БМВ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги чет эл ишчиларини танлаб олиш учун амалга оширилувчи балл тизимини эълон қилади. Бунинг бошланиши эса жорий йилга мўлжалланган. Балл тизими СРЗ-ТКЯ асосидаги танлов билан бирга, малака, жисмоний ҳолат ва тажрибани қўшган, бироқ  корейс тили маҳорати билан чекланиб қолмаган ҳолда ҳар томонлама текшириш сингари турли вариантларни қабул қилади. 

Жумладан, маълум қилинишича, Корея Республикасида ишлашни хоҳловчиларнинг жисмоний ҳолати текширилади. Ранг ажрата олиш қобилиятига эга бўлмаган, нарсаларнинг рангларини кўришда камчилиги бўлган талабгорларга балли тизимга асосланган тест синовидан ўтишга рухсат этилмайди. 

Бундан ташқари, умуртқа ораси диски касалликлари, ампутация қилинган бармоқлар сингари жисмоний нуқсони бўлган талабгорлар балли тизимга асосланган тест синовларида иштирок эта олишмайди. 

Агентликда маълум қилинишича, буларнинг бари фуқароларнинг хавфсизлигини инобатга олган ҳолда қайд этилган. Зеро баъзи завод ва фабрикаларда аксарият хавфсизлик қоидалари муайян ранглар орқали ифодаланган, уларни ажрата олмаслик эса аянчли тугаши мумкин. Яна бошқа корхоналарда эса оғир юклар билан ишлашга тўғри келади, бу эса юқорида келтирилган нуқсонларга эга кишилар ҳаёти учун хавфли. 

Таъкидлаш жоизки, малака тест синовида номзодда рангларни ажрата олмаслик,  умуртқа ораси диски касалликлари, ампутация қилинган бармоқлар сингари жисмоний нуқсонлар борлиги аниқланса, у тест синовларини топшира олмайди. Агар номзоднинг танланган соҳада ишлай олмаслиги аниқланса, номзод четлатилиши мумкин.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид