Иқтисодиёт | 12:20 / 15.12.2017
10953
3 дақиқада ўқилади

500 млн доллар. ХХР компанияси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига сармоя киритади

Хитойнинг энг йирик компанияларидан бири «Wanbang» Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ярим миллиард доллар сармоя киритиш ҳақидаги битимни имзолади, деб хабар бермоқда Nuz.uz «Озиқ-овқат холдинг»га таянган ҳолда.

5-12 декабрь кунлари Хитойнинг Хэнань вилоятида жойлашган «Wanbang» компанияси раҳбари Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов тавсиясига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрди. Компания вакиллари Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида бўлиб, Ўзбекистон билан шериклик муносабатларини йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш ниятида эканликларини билдиришди.

«Wanbang» компанияси ташриф якунлари бўйича «Озиқ-овқат холдинг» билан 15 дан ортиқ лойиҳани биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолади. Ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қадоқлаш, шунингдек, тайёр маҳсулотни экспорт, импорт ва реэкспорт қилиш бўйича йўлга қўйилади. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 500 миллион доллар инвестиция жалб этилади. Битим «Henan Wanbang Selected Supply Chain Management Co.Ltd», Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Озиқ-овқат холдинг» ўртасида имзоланди. Имзоланган битим доирасида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда 10 минг гектарлик майдонда логистика марказлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича объектларни қуриш ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, Хитойга 100 минг тонна мош етказиб бериш режалаштирилмоқда.

«Wanbang» компанияси Женгжоу шаҳрида умумий майдони 40 минг квадрат метр бўлган энг йирик логистика марказини қурган, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи сотишга ихтисослашган. Ушбу логистика марказида 6500 компания ўз фаолиятини олиб боради, 150 мингдан ортиқ сотувчилар ишлайди, улар учун барча шароитлар яратилган, жумладан, кўп қаватли уйлар қуриб берилган. Компания жаҳоннинг 50 дан ортиқ давлатлари билан ҳамкорлик қилади ва Хитой озиқ-овқат бозорининг 37 фоизини назоратда ушлаб туради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид