Жаҳон | 22:02 / 15.12.2017
19821
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: АҚШнинг Ал-Қудс бўйича қарори ислом оламига қарши яширин режалардан дарак беради

Фото: aa.com.tr

АҚШнинг Ал-Қудс бўйича қарори - ислом оламига қарши янги яширин режалар даракчиси, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбул метросидаги ҳайдовчисиз поездларни йўлга қўйиш маросимида. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, агар мусулмонлар Дональд Трампнинг қарорига муносиб жавоб қайтармаса, бунинг кетидан янги қадамлар қўйилади.

Эрдўған мусулмонларнинг нуқтаи назаридан Макка ва Мадинанинг ҳам, Ал-Қудснинг ҳам муқобили йўқлигини айтди. "Ал-Қудс – ислом оламининг ғурури ва шарафи. Бу шаҳар - қадам қўйиш керак бўлмаган қизил нуқта. Ал-Қудс атрофидаги воқеалар - барча мусулмонлар муваффақиятли ўтиши керак бўлган синов", - деди Туркия президенти.

Эрдўған Анқара Туркия АҚШ ва НАТОда дуч келган иккиюзламачиликни унутмаслигига ваъда берди. "Албатта, НАТО ўқув машғулотлари доирасида Туркиянинг амалдаги президенти ҳамда Турк Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркни қандайдир душман сифатида кўрсатишга уринганлар ўз жазосини олади", - деди у. 

Туркия давлати раҳбари, шунингдек, Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг Анқарага нисбатан позициясини қоралади.

Эрдўған Европарламент қандайдир "жазо" сифатида Туркияни 100 миллион евро миқдоридаги молиявий ёрдамдан маҳрум қилганини эслатиб ўтди. "Бу Туркияга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди", - деди турк раҳбари.

Президент Евроиттифоқ томонидан адолатсиз ва ҳурматсиз муносабатга қарамай, Анқара ўз сиёсатини қайта кўриб чиқмаслигини таъкидлади. "Шунингдек, Туркия Сурия ва Ироқдаги курашидан ҳам воз кечмайди", - деди Эрдўған.

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид