Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нархларни шакллантиришда бозор механизмларини жорий қилиш 2018 йилда ҳам давом этади
2018 йилда ҳам 2017 йилда бўлгани каби Ўзбекистонда нарх-навони шакллантиришда бозор механизмларини жорий қилиш бўйича ислоҳотлар давом эттирилади. Бу эса, ўз навбатида 2019-2020 йилларда инфляция даражасини пасайтиришда омил бўлади. Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги сессияда иштирок этган спикерлардан бири, Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев шу ҳақда фикр билдирди.
“Ўзбекистонда 2017 йили инфляция даражаси нима учун юқори бўлди, деган савол туғилиши табиий. Аммо инфляцияга таъсир қилувчи омиллар ҳақида сўз юритилса, биринчиси валюта курсидир. Масалан, 2015 йили Қозоғистонда миллий валюта 89 фоизга девальвация бўлди. Уларда ҳам инфляция 14 фоизни ташкил этди. Россияда 2 марта рўй берган девальвация натижасида 10-12 фоиз инфляция кузатилди. Жорий йил 5 сентябрда валюта курси либерализация қилинди, Марказий банкнинг 1 январдаги миллий валюта курси деярли 2,5 бараварга девальвация қилинди. Бу, албатта, инфляция кўрсаткичига бевосита таъсирини ўтказади. Шунинг учун валюта девальвацияси асосий омилдир.
Иккинчиси бу нархларнинг шакллантирилганлиги. Чунки бунда иккита асосий омил бор, монетар ва номонетар. Сессия бошида айтганимдек, биз йиллар мобайнида кўплаб товарлар нархларининг ушлаб турилиши натижасида инфляция даражаси паст бўлган, лекин биз буни узоқ давом эттира олмаймиз. Корхоналар зарар кўриб ишламаслиги, ишлаб чиқаришни кенгайтириши, аҳоли барча зарурий маҳсулотлар билан таъминланиши керак. Шу нуқтаи-назардан биз 2017-2018 йилларда нархларни либераллаштириш бўйича ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Албатта бу ҳам нархларнинг ошишига, инфляция даражаси ўсишига олиб келади.
Учинчидан, бугунги кунда маҳсулотларга бўлган талабни тўла қондириш юзасидан хўжалик субъектларининг хом ашё захираларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш масаласидир. Бу ҳам турли хил меъёрлар билан чегаралаб қўйилган эди. Ишлаб чиқарувчи истаган вақтда хом-ашё ололмас эди. Келаси йил 1 январдан хом ашёларнинг биржа орқали савдосини ташкил этиш ишлаб чиқарувчиларнинг ўз эҳтиёжларига керак бўлган маҳсулотларни харид қилиш имконини беради. Ишлаб чиқарувчилар нуқтаи-назаридан нархларни шакллантиришда бозор мехназимларини қўллашига ва кўпроқ фойда кўришига олиб келади. Бунинг натижасида янги технологиялари келтирилади. Кўпроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Шунга биноан, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар тагзамирида, маҳсулотлар нархини тўғри шакллантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг фойда билан ишлашини таъминлашдир. Буларнинг айримлари 2017 йилда амалга оширилди, қолганлари 2018 йилда тўла жорий этилади. Шу билан биз 2019-2020 йилларда нарх-навони ҳамда инфляция даражасини пасайтириш имконига эга бўламиз. Биз буни амалга оширмасак, инфляция даражаси ҳар йили юқорилигича қолаверади”, - деди Мубин Мирзаев.
Мавзуга оид
08:20 / 12.06.2026
Дунёда инфляция қаерда энг юқори ва энг паст?
21:44 / 05.06.2026
Май ойидаги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?
10:40 / 01.06.2026
Метан-шохобчаларда газ нархи кўтарилди
15:38 / 26.05.2026