Марказий Осиёдаги трансчегаравий сув ҳамкорлиги минтақа барқарорлиги ва фаровонлигининг асосидир. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сувни тежаш технологияларини ривожлантириш ва сувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Шарифжон Қўчқоров 19 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Халқаро сув хўжалиги ҳуқуқи минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жиҳози сифатида" номли семинарда шундай баёнот билан чиқди.
"Давлат раҳбари минтақа сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалаларини ҳал қилишни Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб берди. Шавкат Мирзиёев "Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг энг асосий йўналишларидан бири яқин қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш", "ўткир масалалардан қочмаслик, оқилона ечимлар излаш" эканини қайд этди.
Биз шундай ечимларни изламоқдамиз ва сув хўжалигидаги муаммоларга бағишланган икки томонлама ишчи гуруҳлар ўртасидаги мунтазам учрашувларда уларни топишга муваффақ бўлмоқдамиз.
БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази 2017 йилнинг мартида Марказий Осиё учун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенция лойиҳаларини юборди. Лойиҳалар сув ҳуқуқи соҳасидаги халқаро тан олинган экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилди. Конвенциялар лойиҳалари шунингдек Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, АҚШ ҳукумати, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасига ҳам йўлланган. Конвенцияларнинг мақсади - Марказий Осиёдаги трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни тақсимлаш масалаларини тартибга солишга доир самарали механизмни ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланиш бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини эътироф этган ҳолда, БМТнинг привентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияларини ишлаб чиқишга доир ташаббусини миннатдорчилик билан қабул қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида шундай деди: "Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир муаммолар ҳақида гапирар эканмиз, минтақанинг умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш каби муҳим масалани четлаб ўтиб бўлмайди. Биз БМТ Бош котибининг "сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари чамбарчас боғлиқ" эканига доир позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комилки, сув муаммосининг минтақа мамлакатлари ва халқларининг манфаатларини тенг ҳисобга олувчи муқобили йўқ. Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурсларидан фойдаланишга доир конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди".
Ўзбекистон ўз томонидан минтақанинг барча мамлакатлари билан давлатлараро сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш бўйича конструктив мулоқот олиб боришга тайёр ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тегишли Конвенцияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишга чақиради.











