Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
От спорти тарихида илк бор Ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида Ўзбекистон вакили иштирок этади
Ўзбекистон от спорти тарихида илк бор терма жамоамиз аъзоси Ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида иштирок этади. 2018 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қиладиган баҳсларда ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур нуфузли мусобақага номзодлар Сиртқи Жаҳон кубоги – Челленж мусобақаларидаги иштироки ва юқори кўрсаткичлари асосида танланади. Бу йилги Челленж мусобақаларининг Эрон, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Қатар, Сурия, Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон каби тўққиз давлатдан иборат олтинчи рейтинг гуруҳида жами 78 нафар чавандоз иштирок этди. Олимпиада лицензияси учун бўлган жиддий ва мураккаб баҳслар давомида ҳар бир чавандоз ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш қилиш билан бирга Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилади.

Ҳар бир мамлакат Челленж мусобқаларининг натижаларини Халқаро От спорти федерацияси (FEI) га жўнатади ва ана шу натижалар асосида Олимпиада қатнашчилари аниқланади. Экспертлар чавандозларнинг юқори кўрсаткичларига катта эътибор қаратишади.
Тўққиз мамлакат чавандозлари орасида бўлиб ўтган беллашувлар давомида Абдушукур Собиржонов маррага 63.04 сониялик натижани қайд этиб, ҳеч қандай жарима балли олмасдан етиб келди ва пешқадамликни қўлга киритди. Яна шуни фахр билан қайд этиш керакки, Ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпиада баҳсларида ёш чавандозимиз мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилиш билан бирга Осиё минатақаси терма жамоаси шарафи учун ҳам беллашувларда иштирок этади.

Абдушукур Собиржонов 2002 йилда туғилган. От спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, бир неча бор от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси чемпиони бўлган.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026