Ўзбекистон | 19:55 / 26.12.2017
11689
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни туғилган куни билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон давлат раҳбари Илҳом Алиевни туғилган куни билан табриклади. 

"Ўзбекистонда Сизнинг ҳурматли Отангиз - етук давлат арбоби, мустақил ва суверен Озарбойжон Республикаси асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига катта эҳтиром билан муносабатда бўлишади. Бу улуғ инсоннинг Ўзбекистон ва Озарбойжон халқлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси миннатдорчилик туйғуси билан қайд этилади. 

Биз сизни тажрибали сиёсий арбоб, мамлакатингизда ва халқаро майдонда катта нуфузга эга бўлган Отангиз бошлаган улуғ ишларнинг муносиб давомчиси, Ўзбекистоннинг энг яқин дўсти, деб ҳисоблаймиз.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, Озарбойжон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатида эришилган барча муваффақиятлар Сизнинг номингиз ва узоқни кўра билувчи оқилона сиёсатингиз билан боғлиқ ва улар, дарҳақиқат, жаҳон миқёсида тан олинган. 

Азал-азалдан умумий тил ва дин, қадриятлар ва анъаналар, маданиятга эга Ўзбекистон ва Озарбойжонни аҳил қўшничилик, дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч, бир-бирига бўлган самимият ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек қўшма саъй-ҳаракатлар тамойилларига асосланган биродарлик алоқалари боғлаб туради.

Сўнгги вақтларда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар амалий жиҳатдан янгича мазмун касб этаётгани бизни қувонтиради. 

Хусусан, жорий йилда бир неча маротаба ўтказилган илиқ учрашувларимиз Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш учун сармаҳсул асос яратди. 

Ўзаро ҳамкорлик соҳасидаги улкан имкониятларнинг мавжудлигини тан олиб, келгусидаги барча йўналишлар бўйича алоқаларимизнинг кенгайиши бизнинг дўстона мамлакатларимиз манфаатларига тўлиқ мувофиқ келади, деб ҳисоблаймиз.

Ишончим комилки, келгусидаги юксак даражали учрашувларимиз дўстона муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.

Ҳурматли, Илҳом Ҳайдар ўғли, Сизга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, юксак давлат фаолиятида катта муваффақиятлар тилайман, биродар Озарбойжон халқига эса – тинчлик ва барқарор тараққиёт, - дейилади табрик матнида.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид