Жамият | 09:50 / 27.12.2017
11331
4 дақиқада ўқилади

Адашган кимсалар...

Баъзи бировлар пул билан битмайдиган иш йўқ деб ҳисоблашади. Ҳар қандай масалани пора эвазига ҳал қилмоқчи бўлишади. Одатда бундай кимсалар моддий манфаатдорлик таъминланса, қонунга хилоф ишларни ҳам бажариш мумкин, деб ўйлашади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Оддий кишилар пул эвазига нимагадир эришмоқчи бўлса, буни соддаликка, гўлликка йўйиш мумкиндир. Аммо, давлат қонунларини ҳурмат қилиши ва сўзсиз итоат этиши лозим бўлган раҳбарларнинг пора беришга уринишларини қандай оқлаш мумкин?

Хоразм вилоятидаги туманларнинг бирида ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган У.Ибрагимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган М.Азимовлар ҳам ўз манфаатларини кўзлаб, пора эвазига қонунга хилоф мақсадларини амалга оширмоқчи бўлишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ, саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал қувурлар қуриш учун, шунингдек, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ёхуд сифат даражаси паст ерлари берилиши лозим.

Шу кодексга мувофиқ, туман ҳокимининг 2016 йил 2 апрелдаги қарори асосида 2017 йилда туман ҳудудидаги 60 балл бонитетли контурда намунавий лойиҳалар асосида турар жойлар қурилиши белгиланади. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи ўзаро маслаҳатлашган ҳолда бу турар жойларни туман марказларига яқин бўлган “Ҳазорасп” магистрали бўйидаги 55 балл бонитетли контурларга кўчиришни режа қилишади. Боиси, бу ишдан ўзлари кўпроқ манфаатдор бўлар эдилар-да. Аммо, бунга ўз-ўзидан эришиб бўлмаслиги аниқ. Бунинг учун аввало контурларнинг балл бонитетини паст қилиб кўрсатиб берадиган мутахассис керак. Бу мутахассис республикадаги мутасадди идора ходими бўлиши лозим. Шу тариқа улар ана шундай ходимни излашга киришдилар.

Икковлон ўзларига аввалдан таниш бўлган Тошкент шаҳрида яшовчи Ш.Авезовга мурожаат қилишди. Тайёр ошдан ким бўйин тортарди. Бу шахс 4 минг АҚШ доллари эвазига бу ишни битказиб беришга ваъда қилади. Икки мутасадди ўйланиб, қарз-ҳавола қилиб пулни топишди ва Ш.Авезовга етказиб беришди. Ш.Авезов “Ана, мана” қилиб юрди-ю, кейин қўнғироқларга ҳам жавоб бермай қўйди. Энди У.Ибрагимов ва М.Азимов бошқа одам излай бошлашди. Тошкент шаҳрида яшовчи бир одам М.Азимовга бу ишни 8 минг АҚШ доллари эвазига битказиб беришини айтди. Биринчи ўринбосар унга 4 минг АҚШ доллари топиб берди. Қолган пулни Ш.Авезовдан қайтариб олиб, янги воситачига беришни топширди. Аммо, Ш.Авезов 2500 АҚШ доллари қайтариб берди. М.Азимов буларни қўшиб, воситачига қўш қўллаб топширди. Лекин мақсадларига етолмадилар. Пул эвазига давлат ходимини жиноятга етакламоқчи бўлган бу кимсаларнинг “юриши”га шу ерда нуқта қўйилди. Пора эвазига давлат манфаатларига зарар етказмоқчи бўлган бу кимсалар оқибатда суднинг қора курсисига ўтиришди. Эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланиб, У.Ибрагимов ва М.Азимовга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид