Жамият | 16:58 / 30.12.2017
14480
3 дақиқада ўқилади

32 минг доллар – Дубайдан автомобиль харид қилмоқчи бўлган киши фирибгарга дуч келди

2017 йилнинг 19 декабрь куни Шайхонтоҳур тумани ИИБ Навбатчилик қисмига фуқаро Раҳматов ариза билан мурожаат қилиб, Раҳимов унга нисбатан жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этганлигини кўрсатиб ўтган. Тергов-тезкор ҳаракатлари давомида аниқланишича, 2017 йилнинг сентябрь-октябрь ойигача бўлган давр оралиғида фуқаро Раҳимов Жавоҳиржон Асадович Раҳматовнинг ишончига кириб, БААнинг Дубай шаҳридан “BMW” русумли автомашинани ўн кун ичида олиб келишни ваъда қилган. 

ШИИББда бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинишича, у 32.300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, шу кунга қадар берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини жуда кўп миқдорда қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Раҳимовга нисбатан нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда ва Раҳимовнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Ушбу жиноят таҳлили шу нарсани кўрсатмоқдаки, Раҳимов сўзга усталигидан фойдаланиб, Раҳматовга бир ҳафта - 10 кун ичида Дубай шаҳридан арзонроқ нархда автомобиль олиб келишини ваъда қилиб, Раҳматовни ишонтириш мақсадида ушбу пулларни олганлиги ҳақида унга тилхат ёзиб берган. Бироқ Дубай шаҳридаги қайси автосалондан автомобилни сотиб олишини, Раҳимовнинг номидан автомашинани сотиб олиш бўйича аризани, сотиб олиш ҳақидаги шартномани кўрсатмаган, сабаби бундай ҳужжатлар умуман бўлмаган, чунки Раҳимовнинг мақсади Раҳматовга автомашинани сотиб олишда ёрдам бериш эмас, балки унинг пулларини ўзлаштириб олишга қаратилган.   

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси юқорида қайд этилганидек фирибгарларга дуч келмаслик учун автомашина ёки кўчмас мулкни сотиб олиш шартлари билан танишишни, тегишли идоралар ёки мулк эгасига мурожаат этишни, ўзаро олди-сотди шартнома тузиш, шартнома шартларига мувофиқ пулларни беришни тавсия қилади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов

Мавзуга оид