Ўзбекистон | 22:55 / 05.01.2018
36971
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти маъмурий марказига ҳоким тайинланди

Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айлантирилган Нурафшон (собиқ Тўйтепа) шаҳрига ҳоким тайинланди.

Вилоят ҳокимлигидаги манбанинг «Kun.uz»га тасдиқлашича, Тошкент вилоят ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Усмон Исмоилович Раҳимов Нурафшон шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.

Ўтган йилнинг августида ўтказилган Олий Мажлис Сенати ўн биринчи ялпи мажлиси биринчи иш кунида Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланган эди. Кўп ўтмай, Сенат Тўйтепа шаҳрининг номини Нурафшонга ўзгартириш ҳақидаги қарорни тасдиқлади.

Ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарорига кўра, Тошкент вилояти таркибида Тошкент тумани ҳамда  Янгийўл, Оҳангарон ва Нурафшон шаҳар ҳокимликлари ташкил этилди.

Шаҳар Ўзбекистондаги биринчи «ақлли» шаҳар бўлади, унда маъмурий бинолар, замонавий ва қулай турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт маркази, кутубхона, мактаблар, кўп тармоқли шифохона бунёд этилади.

Истироҳат боғлари, боғлар, майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар ташкил этиш кўзда тутилган. Самарали жамоат транспорти тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Шаҳар маркази орқали сунъий анҳор оқиб ўтади, унинг ёқаси бўйлаб йўл ётқизилиб, кафе, дўкон ва бошқа объектлар очилади.

Тошкент ва Нурафшонни тезюрар автомобиль йўли боғлайди.

Мавзуга оид