Хайрия натижаси: Сурхондарёлик Умиджон шифо топди (видеорепортаж)
KUN.UZ'да сурхондарёлик Умиджон Ўрозалиев ҳақида мақола эълон қилиб, хайрия акциясини ташкил этилган эди. Куни кеча хайрия акциясидан йиғилган маблағ эвазига Умиджон мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказгани хабар қилинди. Ижодий гуруҳ болакайнинг ҳолидан хабар олишга ошиқди. Маълум бўлишича, у Республика нейрохирургия илмий марказида парваришда экан.
Умиджон жарроҳлик амалиётидан яхши чиққан ва айни кунларда шифокорлар назоратида. Шифокор болакайнинг аҳволи ҳақида қуйидагиларни сўзлади:
"12 ёшли Ўрозалиев Умиджон масаласида 2017 йилнинг 21 март куни шифохонамизга мурожаат қилишди. Отасининг сўзларига кўра, болани бош оғриғи безовта қилган, қўл ва оёқлари увишиши кузатилган ва бу кўпроқ чап томонда экани маълум қилинган. Болада жарроҳлик операцияси ўтказилди, унинг ҳозирги аҳволи яхши. Худо хоҳласа, яралари битиб, ўзини тўлиқ яхши ҳис қила бошлаганидан кейин уйига жавоб берилади".
Бугун Умиджоннинг юзида табассумни кўриш мумкин. Уни суҳбатга чорлаганимизда ўзининг орзулари ҳақида гапириб, юртдошларимизга кўрсатган ёрдамлари учун раҳмат айтди.
"Барча одамларга, шифокорларга отам иккимиз катта-катта раҳмат деймиз. Хурсандман", - дейди Умиджон юзида табассум билан. Болакай KUN.UZ мухбирига катта бўлса, "милицияларнинг каттаси" бўлиш орзусида эканини айтди. Қаҳрамоннинг болаларча орзулари, кўнгил беғуборлиги эртанги кунга ишончидан даракдир.
Умиджоннинг дадаси Абдулла Абдураимов ҳам суҳбатга қўшилди. "Мурожаатларимизга бефарқ бўлмаган халқимизга кўпдан-кўп раҳматлар айтаман. Худога шукур, хурсандман, ўғлим операциядан яхши чиқди. Шифокорлар ҳам яхши қарашмоқда. Бизга ким ёрдам берган бўлса, ҳаммасига яна бир бор раҳмат айтаман", - дея кўзлари намланади отанинг.
Яна бир хайрия ишимизнинг натижаси ижобий якунланди, кўнгил хотиржам бўлди, ҳаракатлар зое кетмади. Ягона хулосамиз шуки, яхшилик қилиш имкони ҳаммамизда бор. Хайрияда иштирок этганлардан Яратган рози бўлсин.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
13:36 / 06.11.2024